Sura 60 · Para 28

Al-Mumtahanah · 60:10

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا جَاءَكُمُ الْمُؤْمِنَاتُ مُهَاجِرَاتٍ فَامْتَحِنُوهُنَّ ۖ اللَّهُ أَعْلَمُ بِإِيمَانِهِنَّ ۖ فَإِنْ عَلِمْتُمُوهُنَّ مُؤْمِنَاتٍ فَلَا تَرْجِعُوهُنَّ إِلَى الْكُفَّارِ ۖ لَا هُنَّ حِلٌّ لَهُمْ وَلَا هُمْ يَحِلُّونَ لَهُنَّ ۖ وَآتُوهُمْ مَا أَنْفَقُوا ۚ وَلَا جُنَاحَ عَلَيْكُمْ أَنْ تَنْكِحُوهُنَّ إِذَا آتَيْتُمُوهُنَّ أُجُورَهُنَّ ۚ وَلَا تُمْسِكُوا بِعِصَمِ الْكَوَافِرِ وَاسْأَلُوا مَا أَنْفَقْتُمْ وَلْيَسْأَلُوا مَا أَنْفَقُوا ۚ ذَٰلِكُمْ حُكْمُ اللَّهِ ۖ يَحْكُمُ بَيْنَكُمْ ۚ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

10. Эй мўминлар, қачон сизларга (Макка кофирларининг қўли остида қолган) мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар улар(нинг иймонлари)ни имтиҳон қилиб кўринглар (яъни, улар ўз эрларини ёмон кўриб ёки сизлардан биронтангизга ишқи тушиб қолгани учун эмас, балки фақат дини Ислом учун ҳижрат қилганлари ҳақида сизларга қасам ичсинлар). — Аллоҳ уларнинг (дилларидаги) иймонларини (ҳам) жуда яхши билгувчидир. — Бас, агар сизлар уларнинг (ҳақиқий) мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар! У мўминалар (кофирлар) учун ҳам ҳалол эмас ва у (кофир)лар (мўмина)лар учун ҳалол эмасдир, ва уларга (яъни, сизларнинг олдингизда қолган мўминаларнинг Маккада қолган кофир эрларига мана шу хотинлари учун) сарфлаган маҳрларини (қайтариб) беринглар. Қачон сизлар у (мўминаларнинг эр)ларига маҳрларини берсангизлар, сизларга уларни никоҳларингизга олишда бирон гуноҳ йўқдир. (Шунингдек) сизлар ҳам кофираларнинг билак-қўлларидан ушламанглар (яъни, сизларнинг хотинларингиз кофира бўлган ҳолларида кофирлар билан қолишни истаса, сизлар уларнинг йўлларини тўсиб никоҳларингизда сақламанглар, балки уларга уйланмоқчи бўлган кофирлардан) ўзларингиз сарфлаган маҳрни талаб қилинглар ва улар ҳам (ўзларининг никоҳидан чиққан ва мусулмонларнинг олдига ҳижрат қилиб кетган мўминаларга) талаб қилсинлар. Бу Аллоҳнинг ҳукмидир. У сизларнинг ўртангизда ҳукм қилур. Аллоҳ билгувчи ва ҳикмат Соҳибидир.

Tafsir

Эй Аллоҳга иймон келтириб, шариатига амал қиладиганлар, қачон сизларга мўминалар куфр юртидан Ислом диёрига ҳижрат қилиб келсалар, уларнинг чин мўмина эканини имтиҳон қилиб кўринглар. Аллоҳ уларнинг иймонларини билгувчироқдир. Улар сир сақлаган бирон иш У Зотдан яширин қолмас. Имтиҳондан кейин уларнинг мўминалар эканини билсангизлар, бас, уларни кофир эрлариларга қайтарманглар! Мўмина аёллар кофир эрларга ҳалол эмас. Кофир эрлар мўмина аёлларга ҳалол эмас. Эрларига сарфлаган маҳрларини беринглар. Эй мўминлар, қочиб келган мўмина аёлларнинг иддаси тугаб, маҳрларини берганингиздан кейин уларни никоҳлаб олсангиз, гуноҳ бўлмас. Кимнинг хотини диндан қайтиб кофир бўлса, унинг билакларидан ушламасин. Чунки у кофира бўлиши билан никоҳ бекор бўлади. Кофирлардан ўзларингиз муртад аёлларингизга берган маҳрни талаб қилинглар ва улар ҳам ўзлари Исломни қабул қилган хотинларига берган маҳрни талаб қилсинлар. Сизлар тарафингиздан ҳам, улар тарафидан ҳам маҳрнинг қайтариб берилиши Аллоҳнинг ҳукмидир. Аллоҳ сизларнинг ўртангизда Ўзи истаганича ҳукм қилур. Аллоҳ бандаларининг аҳволини Билгувчидир. Бирон нарса У Зотдан яширин қолмас. Аллоҳ бандалари учун тузиб шариатини ҳикмат билан қилган Ҳаким Зотдир.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing