Sura 5 · Para 6
Al-Ma'idah · 5:17
لَقَدْ كَفَرَ الَّذِينَ قَالُوا إِنَّ اللَّهَ هُوَ الْمَسِيحُ ابْنُ مَرْيَمَ ۚ قُلْ فَمَنْ يَمْلِكُ مِنَ اللَّهِ شَيْئًا إِنْ أَرَادَ أَنْ يُهْلِكَ الْمَسِيحَ ابْنَ مَرْيَمَ وَأُمَّهُ وَمَنْ فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا ۗ وَلِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا ۚ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ ۚ وَاللَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
17. «Аллоҳ – Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсаларнинг кофир бўлганликлари аниқдир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар Аллоҳ Масиҳ бинни Марямни, унинг онасини ва Ердаги барча кишиларни ҳалок этишни истаса, ким Аллоҳ тарафидан бўлган нарсани (балони) қайтаришга эга бўла олади?!» Осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. У ўзи истаган нарсасини Ўзи истаган суратда яратур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
Tafsir
Насронийлардан «Аллоҳ Марямнинг ўғли Масиҳдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Эй Пайғамбар алайҳиссалом, уларга айтинг: «Агар Аллоҳ Марямнинг ўғли Масиҳни, унинг онасини ва ер юзидаги ҳамма одамларни ҳалок этишни истаса, ким Аллоҳни бирон ишдан қайтара олади?!» Модомики, бу иш ҳеч кимнинг қўлидан келмас экан, шунинг ўзи Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини, Марямнинг ўзи ҳам, ўғли Масиҳ ҳам ва бошқа ҳамма махлуқотлар ҳам Аллоҳнинг бандалари эканини кўрсатмайдими? Осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи истаган нарсасини Ўзи истаган тарзда яратур. Ийсо алайҳиссаломни яратиши ҳам шулар жумласидандир. Ийсо Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир. Аллоҳ ҳамма нарсага Қодирдир.
O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing