Sura 4 · Para 4
An-Nisa · 4:12
۞ وَلَكُمْ نِصْفُ مَا تَرَكَ أَزْوَاجُكُمْ إِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُنَّ وَلَدٌ ۚ فَإِنْ كَانَ لَهُنَّ وَلَدٌ فَلَكُمُ الرُّبُعُ مِمَّا تَرَكْنَ ۚ مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ يُوصِينَ بِهَا أَوْ دَيْنٍ ۚ وَلَهُنَّ الرُّبُعُ مِمَّا تَرَكْتُمْ إِنْ لَمْ يَكُنْ لَكُمْ وَلَدٌ ۚ فَإِنْ كَانَ لَكُمْ وَلَدٌ فَلَهُنَّ الثُّمُنُ مِمَّا تَرَكْتُمْ ۚ مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ تُوصُونَ بِهَا أَوْ دَيْنٍ ۗ وَإِنْ كَانَ رَجُلٌ يُورَثُ كَلَالَةً أَوِ امْرَأَةٌ وَلَهُ أَخٌ أَوْ أُخْتٌ فَلِكُلِّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا السُّدُسُ ۚ فَإِنْ كَانُوا أَكْثَرَ مِنْ ذَٰلِكَ فَهُمْ شُرَكَاءُ فِي الثُّلُثِ ۚ مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ يُوصَىٰ بِهَا أَوْ دَيْنٍ غَيْرَ مُضَارٍّ ۚ وَصِيَّةً مِنَ اللَّهِ ۗ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَلِيمٌ
12. Сизларга хотинларингиз қолдирган меросдан — агар улардан фарзанд қолмаган бўлса — ярми тегур. Энди агар уларнинг фарзандлари қолган бўлса, сизларга уларнинг меросидан тўртдан бири тегур. (Бу тақсимотлар) марҳума қилган васият ва унинг қарзлари адо этилгандан кейин бўлур. Уларга (хотинларингизга) сизлар қолдирган меросдан — агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса — тўртдан бири тегур. Энди агар сизларнинг фарзандингиз қолган бўлса, уларга сизнинг меросингиздан саккиздан бири тегур. (Бу тақсимотлар) сизлар қилган васият ва қарзларингиз адо қилингандан кейин бўлур. Агар мероси қолаётган эркак ёки аёлнинг на ота ва на онаси бўлмай, (она томонидан) бир ака ёки укаси ёхуд бир опа ёки синглиси қолган бўлса, уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бир тегур. Энди агар улар бирдан ортиқ бўлсалар, улар мероснинг учдан бир ҳиссасига тенг шерик бўлурлар. (Бу тақсимотлар) меросхўрларга зарар етказмайдиган ҳолда қилинган васият ва қарзлар адо қилингандан кейин бўлур. (Бу ҳукмлар) Аллоҳ томонидан бўлган амр-фармондир. Аллоҳ билгувчи ва ҳалимдир.
Tafsir
Эй эрлар, аёлингиз вафот этса ва унинг сиздан ёки бошқа турмушидан бўлган фарзанди - ўғил ё қизи бўлмаса, сизга ундан қолган мероснинг ярми тегади. Фарзанди бўлса, тўртдан бири тегади. Мерос унинг қарзи ва васияти адо этилганидан кейин тақсимланади. Эй эрлар, қайси турмушингиздан бўлишидан қатъи назар, фарзандингиз - ўғил ё қизингиз бўлмаса, аёлингизга сиздан қолган мероснинг тўртдан бири тегади. Фарзандингиз бўлса, саккиздан бири тегади. Мерос сизнинг қарзингиз ва васиятингиз адо этилганидан кейин тақсимланади. Бир эркак ёки аёл вафот этсаю, унинг отаси ҳам, боласи ҳам бўлмаса, онабир ака-укаси ёки опа-синглиси бўлса ва у ёлғиз бўлса, унга мероснинг олтидан бири тегади. Онабирлар кўпчилик бўлсалар, учдан бирни эркагу аёли тенг бўлишиб оладилар. Бу тақсимот маййитнинг қарзи ва васияти адо этилганидан кейин амалга оширилади. Васияти меросхўрларга зарар қилмаслиги шарт. Масалан, тариканинг - маййитдан қолаётган мулкнинг учдан биридан ошиб кетмаслиги лозим. Бу оят ўз ичига олган бу ҳукмлар Аллоҳ зиммангизга юклаган вожибдир. Аллоҳ дунёю охиратда бандалари учун нима яхши бўлишини биладиган, азоб беришга шошилмайдиган Билгувчи ва Ҳалимдир.
O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing