Sura 4 · Para 4
An-Nisa · 4:11
يُوصِيكُمُ اللَّهُ فِي أَوْلَادِكُمْ ۖ لِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الْأُنْثَيَيْنِ ۚ فَإِنْ كُنَّ نِسَاءً فَوْقَ اثْنَتَيْنِ فَلَهُنَّ ثُلُثَا مَا تَرَكَ ۖ وَإِنْ كَانَتْ وَاحِدَةً فَلَهَا النِّصْفُ ۚ وَلِأَبَوَيْهِ لِكُلِّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا السُّدُسُ مِمَّا تَرَكَ إِنْ كَانَ لَهُ وَلَدٌ ۚ فَإِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُ وَلَدٌ وَوَرِثَهُ أَبَوَاهُ فَلِأُمِّهِ الثُّلُثُ ۚ فَإِنْ كَانَ لَهُ إِخْوَةٌ فَلِأُمِّهِ السُّدُسُ ۚ مِنْ بَعْدِ وَصِيَّةٍ يُوصِي بِهَا أَوْ دَيْنٍ ۗ آبَاؤُكُمْ وَأَبْنَاؤُكُمْ لَا تَدْرُونَ أَيُّهُمْ أَقْرَبُ لَكُمْ نَفْعًا ۚ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ ۗ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيمًا حَكِيمًا
11. Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли мерос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур. Агар меросхўрлар иккидан ортиқ қиз бўлса, уларга улар (ота-она) қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга (мероснинг) ярми тегур. Агар марҳумнинг фарзанди бўлса, қолдирган меросидан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бири тегур. Энди агар фарзанд бўлмай, фақат ота-онаси (меросхўр) бўлса, у ҳолда онасига учдан бир тегур (қолгани отасига қолади). Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир тегур, (қолган қисми отасига тегади, зеро, марҳумнинг ака-укаларини едириб-кийдириш ва уйлаб-жойлаш отанинг зиммасидадир. Бу тақсимотлар) марҳум қилган васият ва унинг қарзлари адо этилганидан кейин бўлур. Ота-оналарингиз ва фарзандларингизнинг қайси бирлари сизлар учун фойдаси тегувчироқ эканини билмайсизлар. (Бинобарин, ўзингизга қолса, мерос тақсимотини ҳам адолат билан ҳал қила олмайсиз. Шу боисдан кимга қанча мерос тегиши) Аллоҳ томонидан қатъий фарз қилиб қўйилди. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
Tafsir
Аллоҳ болаларингизнинг мероси ҳақида амр этади. Бир ўғилга икки қиз улуши. Ўғил бўлмасдан бир неча қизлар бўлса, уларга учдан иккиси тегади. Агар қиз ёлғиз бўлса, унга мероснинг ярми. Марҳумнинг ўғил ё қизи бўлса, отаси ҳам, онаси ҳам олтидан бир улуш оладилар. Ота-онасидан бошқа меросхўри бўлмаса, онасига учдан бири, қолгани отасиникидир. Марҳумнинг икки ёки ундан ортиқ ака-ука ёки опа-сингиллари бўлса, улар туғишган бўлиши ё бўлмаслигидан қатъи назар, онасига олтидан бир улуш тегади. Қолганини эса асаба сифатида ота олади. Ота борлиги туфайли ака-укаларга меросдан улуш тегмайди. Бу тақсимот марҳум қилиб кетган васият адо этилганидан кейин бўлади. Васиятнинг икки шарти бор. Биринчидан, васият маййит қолдириб кетаётган тариканинг - мулкнинг учдан биридан ошмаслиги, иккинчидан, унинг бўйнидаги қарзи адо этилган бўлиши шарт. Аллоҳ мерос тақсимоти шундай бўлишини тайинлади. Чунки сизлар оталарингиз ва болаларингиздан қайси бири сизларга дунёю охиратда кўпроқ фойда келтиришини билмайсизлар. Гоҳида ўлими яқинлашаётган одам бир меросхўрини яхши деб ўйлаб, ҳамма мулкини унга бериб юборади ёки бошқа бир меросхўрини ёмон деб ўйлаб, уни меросдан маҳрум қилади. Аслида эса ҳолат тамоман акси бўлиши ҳам мумкин. Бу ишларнинг ҳаммасини ёлғиз Аллоҳгина билади. Ҳеч иш У Зотдан яширин эмас. Шунинг учун меросни мазкур тарзда тақсим этиб, уни бандаларига фарз қилди. Аллоҳ бандаларига нима фойдали эканини яхши биладиган, ҳар бир шариатини, тадбирини ҳикмат билан қиладиган Зотдир.
O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing