Sura 7 · Para 9

Al-A'raf · 7:163

وَاسْأَلْهُمْ عَنِ الْقَرْيَةِ الَّتِي كَانَتْ حَاضِرَةَ الْبَحْرِ إِذْ يَعْدُونَ فِي السَّبْتِ إِذْ تَأْتِيهِمْ حِيتَانُهُمْ يَوْمَ سَبْتِهِمْ شُرَّعًا وَيَوْمَ لَا يَسْبِتُونَ ۙ لَا تَأْتِيهِمْ ۚ كَذَٰلِكَ نَبْلُوهُمْ بِمَا كَانُوا يَفْسُقُونَ

163. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улардан (яҳудийлардан) денгиз олдидаги қишлоқ ҳақида — шанба куни ҳаддан ошганлари ҳақида (яъни, манъ қилинганига қарамасдан шанба куни балиқ овлаганлари ҳақида) сўранг. Ўшанда, шанбалик қилган (яъни, балиқ овламаган) кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди, шанбалик қилмаган кунларида (яъни, шанбадан бошқа кунларда) эса келмас эди. Уларни итоатсиз бўлганлари сабабли мана шундай имтиҳон қилурмиз.
____________________
И з о ҳ. Муфассирлардан Қуртубийнинг ёзишларича, бу воқеа Довуд алайҳис-салом замонларида бўлган экан. Ўшанда шанба кунлари балиқлар сон-саноқсиз бўлиб сув юзида оқиб келар, эртасига эса дарёда биронта балиқ қолмас экан. Бу фурсатдан фойдаланган иблис айрим яҳудийларни васвасага солиб, улар дарё четларида тез ҳовузлар кавлашиб, шанба кунлари балиқларни қамаб олишадиган, эртасига эса ўша ҳовузлардан тутиб кетадиган бўлган эдилар. Бу қилмишлари оқибатида улар Аллоҳнинг имтиҳонидан ўта олмаган эканлар. Юқоридаги оятда эътиқодсизларни Аллоҳ ўтиб бўлмайдиган бало-имтиҳонларга гирифтор қилишига ҳам ишора бордир. Ўшанда яҳудийлар уч тоифага бўлиниб қолган эканлар: бир тоифа юқорида айтилган шанба кунлари балиқ овлайверадиган итоатсизлар, иккинчи тоифа ўзларини бу жиноятдан сақлаб, ўзгаларни ҳам ундан қайтарадиганлар, учинчи тоифа эса ўзлари у кунда балиқ тутмай, ўзгаларни ҳам ундан қайтармайдиганлар эди. Қуйидаги оятда мана шу учинчи ва иккинчи тоифа ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб зикр этилади.

Tafsir

Эй Пайғамбар, яҳудийлардан денгизга яқин жойдаги қишлоқ ҳақида, шанба куни ов қилиш тақиқланганига қарамасдан, ҳадларидан ошиб, ов қилганлари ҳақида сўранг. Ўшанда Аллоҳ уларни синаш учун атайин шанба куни балиқлар денгиз юзига келадиган, бошқа кунлари эса келмайдиган қилиб қўйганди. Аллоҳга итоатсизлик этиб, гуноҳлар қилганлари туфайли Аллоҳ уларни мана шундай синаган эди. Улар эса ҳийла-найранг ишлатдилар. Шанба куни чуқурчалар қазиб, тўр ташлаб қўйдилар. Якшанба куни эса унга илинган балиқларни олиб едилар.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing