Sura 7 · Para 9

Al-A'raf · 7:157

الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الْأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوبًا عِنْدَهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَالْإِنْجِيلِ يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالْأَغْلَالَ الَّتِي كَانَتْ عَلَيْهِمْ ۚ فَالَّذِينَ آمَنُوا بِهِ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَاتَّبَعُوا النُّورَ الَّذِي أُنْزِلَ مَعَهُ ۙ أُولَٰئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ

157. Улар шундай кишилардирки, уммий (саводсиз) пайғамбарга — номини ўз олдиларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолда топишадиган — элчимизга (Муҳаммадга) эргашадилар. У пайғамбар уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устларидаги кишанларини олиб ташлайди (яъни, Ислом динидан аввалги динларда бўлган оғир, машаққатли ибодатларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига осон ва енгилларини келтиради). Бас, унга иймон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг (келиши) билан нозил қилинган нурга (яъни, Қуръонга) эргашган зотлар — ана ўшаларгина нажот топгувчилардир.

Tafsir

Улар шундай зотларки, ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган оми, Парвардигори тарафидан келган ваҳийни гапирадиган Муҳаммад алайҳиссаломга эргашадилар. У кишининг номи ва сифатлари Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган Тавротда ҳам, Ийсо алайҳиссаломга нозил қилинган Инжилда ҳам ёзилганини кўрганлар. У зот эзгулик ва ўнгланиш сари етаклайдиган ишларга буюради. Соғлом ақл ва покиза табиат қабул қилмайдиган манфур ишлардан қайтаради. Тансиқ таом ва аёлларни никоҳлаб олиш каби турли хил зарарсиз ноз-неъматларга рухсат берса, кир, ифлос нарсаларни ман қилади. Қасддан ёки билмасдан қилганига қарамасдан, қотилни ўлдириш каби олдин уларнинг зиммаларида бўлган оғир вазифаларни олиб ташлайди. Бани Исроилдан бўладими, бошқа бўладими, у кишига иймон келтириб, уни улуғлаб, эъзозлаб, кофир душманларига қарши қўллаб-қувватлаб, нур ва ҳидоят бўлиб нозил қилинган Қуръонга эргашганлар муроду мақсадига етадиган, хавфу хатарга дуч келмайдиган чин нажот топгувчилардир.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing