Sura 58 · Para 28

Al-Mujadila · 58:8

أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ نُهُوا عَنِ النَّجْوَىٰ ثُمَّ يَعُودُونَ لِمَا نُهُوا عَنْهُ وَيَتَنَاجَوْنَ بِالْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَمَعْصِيَتِ الرَّسُولِ وَإِذَا جَاءُوكَ حَيَّوْكَ بِمَا لَمْ يُحَيِّكَ بِهِ اللَّهُ وَيَقُولُونَ فِي أَنْفُسِهِمْ لَوْلَا يُعَذِّبُنَا اللَّهُ بِمَا نَقُولُ ۚ حَسْبُهُمْ جَهَنَّمُ يَصْلَوْنَهَا ۖ فَبِئْسَ الْمَصِيرُ

8. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ўзаро шивир-шивирдан қайтарилганларидан сўнг яна ўзлари қайтарилган нарсага қайтадиган ҳамда гуноҳ, зўравонлик ва пайғамбарга итоатсизлик қилиш тўғрисида ўзаро шивирлашадиган кимсаларни кўрмадингизми? Қачон улар сизнинг олдингизга келсалар, сизга бир ибора билан салом берурларки, Аллоҳ сизга ўша (сўз) билан салом бермаган эди. Яна ўзларича: «Нега айтаётган сўзимиз сабабли Аллоҳ бизларни азобламаяпти? (Агар Муҳаммад ҳақ пайғамбар бўлганида, албатта Аллоҳ бизларни азобга гирифтор қилган бўлур эди)», дерлар. Уларга ўзлари кирадиган жаҳаннам (азоб тўғрисида) кифоя қилар! Бас, нақадар ёмон оқибат (бу)!
____________________
И з о ҳ. Ушбу оят мўминларни кўрганларида бир-бирлари билан пичир-пичир ва турли имо-ишоралар қилишиб, уларга озор берадиган яҳудий ва мунофиқлар ҳақидадир. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом уларни бу қилиқларидан қайтарганларидан кейин ҳам улар ўз висир-висирларидан қайтмайдилар, балки ҳадларидан ошиб Расулуллоҳга рўбарў бўлганларида, «Ассалому алайкум», яъни «сизларга тинчлик-омонлик бўлсин», дейиш ўрнига «Ассому алайкум», яъни «сизларга ўлим бўлсин», дейдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг жазолари жаҳаннамга кириш эканлиги хусусида хабар беради.

Tafsir

Кўрмадингизми, эй Пайғамбар, Аллоҳ таоло яҳудийларни шивир-шивир қилишдан қайтарган эди. Улар бир мўминни кўриб қолсалар, пичир-пичир қилар эдилар. Бироқ улар Аллоҳ қайтарган бу ишни қайта-қайта қилавердилар. Улар мўминнинг орқасидан гапириш, уларга тажовуз қилиш ва Пайғамбарга итоатсиз бўлиш каби гуноҳ ишларда ўзаро пичирлашар эдилар. Сизнинг олдингизга келиб саломлашганларида Аллоҳ таоло саломлашганда ишлатмаган сўзлар билан саломлашардилар. Улар ”Ассому алайка”, дея ўлимни қасд қилардилар ва Пайғамбарни ёлғончига чиқариш учун ўзларича шундай дердилар: ”Қани, бу айтган сўзларимиз учун Аллоҳ бизни азобласин-чи. Агар у даъво қилаётганидек, Аллоҳнинг Пайғамбари бўлганида эди, бу деганларимиз учун Аллоҳ бизни азоблаган бўлар эди”. Бу айтган сўзлари учун жаҳаннам уларга кифоядир. Унинг оташида ёнадилар. Улар қайтиб борадиган жой нақадар ёмон жой!

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing