Sura 5 · Para 6
Al-Ma'idah · 5:12
۞ وَلَقَدْ أَخَذَ اللَّهُ مِيثَاقَ بَنِي إِسْرَائِيلَ وَبَعَثْنَا مِنْهُمُ اثْنَيْ عَشَرَ نَقِيبًا ۖ وَقَالَ اللَّهُ إِنِّي مَعَكُمْ ۖ لَئِنْ أَقَمْتُمُ الصَّلَاةَ وَآتَيْتُمُ الزَّكَاةَ وَآمَنْتُمْ بِرُسُلِي وَعَزَّرْتُمُوهُمْ وَأَقْرَضْتُمُ اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا لَأُكَفِّرَنَّ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَلَأُدْخِلَنَّكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ ۚ فَمَنْ كَفَرَ بَعْدَ ذَٰلِكَ مِنْكُمْ فَقَدْ ضَلَّ سَوَاءَ السَّبِيلِ
12. Аллоҳ Бани Исроилнинг аҳд-паймонини олди ва ўзларидан ўн икки бошлиқни (Мусо билан бирга, Шом заминини маскан тутган кофирларга қарши жанг қилиш учун) жўнатиб, айтди: «Албатта Мен сизлар билан биргаман. Қасамки, агар намозни тўкис адо қилсангиз, закотни (ҳақдорларга) ато қилсангиз, пайғамбарларимга иймон келтириб, ёрдам берсангиз ва (бева-бечораларга яхшилик — эҳсон қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана берсангиз (яхшилик ва Унинг йўлида инфоқ-эҳсон қилсангиз), албатта ёмонликларингизни (яъни, қилган гуноҳларингизни) ўчирурман ва албатта сизларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилурман. Мана шу аҳд-паймондан кейин сизлардан кимки кофир бўлса, унинг Тўғри Йўлдан озгани аниқдир».
Tafsir
Аллоҳ Бани Исроилнинг аҳду паймонини олди. Ораларидан ўн иккитасини ўзларига раҳбар қилиб тайинлади. Ҳар бир раҳбар ўзининг қўл остидагиларини назорат қиладиган бўлди. Аллоҳ Бани Исроилга деди: "Мен сизлар билан биргаман. Сизларга ёрдам бераман, сизларни қўллаб-қувватлайман. Намозни тўкис адо этсангиз, закотни берсангиз, ҳамма пайғамбарларимга бирдек иймон келтирсангиз, уларни улуғласангиз, қўллаб-қувватласангиз, эзгулик йўлида инфоқ-эҳсон қилсангиз, Қиёмат кунида қилган гуноҳларингизни ўчириб, ўзингизни қасрлари остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритаман. Энди мана шу аҳду паймондан кейин ҳам қайси бирингиз куфр келтирса, у аниқ билиб туриб, қасддан тўғри йўлдан озибди".
O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing