Sura 5 · Para 6

Al-Ma'idah · 5:1

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَوْفُوا بِالْعُقُودِ ۚ أُحِلَّتْ لَكُمْ بَهِيمَةُ الْأَنْعَامِ إِلَّا مَا يُتْلَىٰ عَلَيْكُمْ غَيْرَ مُحِلِّي الصَّيْدِ وَأَنْتُمْ حُرُمٌ ۗ إِنَّ اللَّهَ يَحْكُمُ مَا يُرِيدُ

1. Эй мўминлар, ақдларга (ўзаро келишган битимларга) вафо қилингиз! Сизлар учун — (қуйидаги оятларда ҳаромлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Лекин иҳромда бўлган ҳолларингизда ов овлашни ҳалол қилиб олмангиз. Албатта, Аллоҳ Ўзи истагандек ҳукм қилур.
____________________
И з о ҳ. Бу оятни шундай тушунмоқ лозим. Мўминлар учун шу суранинг учинчи оятида тиловат қилинадиган ҳаром ўлган ҳайвон, қон, тўнғиз гўшти ва бошқа нарсалардан ташқари туя, мол, қўй каби чорва ҳайвонларини сўйиб истеъмол этиш ҳалол этилгандир. Лекин ҳаж ибодатини адо қилиш ниятида иҳром боғлаган — яъни, махсус либос кийган киши учун ҳар қандай жониворни овлаш ёки сўйиш ҳаромдир.

Tafsir

Эй иймон келтирганлар, яратувчингиз билан қилган аҳдларингизга ҳам, одамлар билан боғлаган аҳдларингизга ҳам тўла вафо қилинглар. Аллоҳ Ўз раҳмати билан сизларга туя, сигир, қўй каби чорва ҳайвонларини ҳалол қилди. Ҳаромлиги зикр қилинганлари ҳамда ҳаж ёки умра сафарида эҳромдалик пайтида қуруқликда қилинган овлар бундан мустасно. Аллоҳ Ўз ҳикмати тақозоси билан Ўзи истаганича нарсаларни ҳалол ёки ҳаром қилади. У Зотни ҳеч ким ҳеч нарсага мажбурлай олмайди. Ҳеч ким У Зотнинг ҳукмига эътироз билдира олмайди.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing