Sura 4 · Para 6
An-Nisa · 4:176
يَسْتَفْتُونَكَ قُلِ اللَّهُ يُفْتِيكُمْ فِي الْكَلَالَةِ ۚ إِنِ امْرُؤٌ هَلَكَ لَيْسَ لَهُ وَلَدٌ وَلَهُ أُخْتٌ فَلَهَا نِصْفُ مَا تَرَكَ ۚ وَهُوَ يَرِثُهَا إِنْ لَمْ يَكُنْ لَهَا وَلَدٌ ۚ فَإِنْ كَانَتَا اثْنَتَيْنِ فَلَهُمَا الثُّلُثَانِ مِمَّا تَرَكَ ۚ وَإِنْ كَانُوا إِخْوَةً رِجَالًا وَنِسَاءً فَلِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الْأُنْثَيَيْنِ ۗ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ أَنْ تَضِلُّوا ۗ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
176. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: «Аллоҳ сизларга на ота ва на боласи бўлмаган одам тўғрисида фатво берур: агар фарзандсиз бўлган ёлғиз бир эркак ўлса, (агар) унинг синглиси бўлса, унга (акаси) қўйиб кетган мероснинг ярмини олур. Агар синглисининг фарзанди бўлмаса, ака унга меросхўр бўлур. Агар сингиллар иккита бўлса, улар учун ака қолдирган нарсадан учдан иккиси тегур. Агар меросхўрлар ака-сингиллар бўлса, бир эркак учун икки аёл ҳиссаси берилур. Адашиб кетмасликларинг учун Аллоҳ сизларга (Ўз ҳукмларини) баён қилур Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир».
Tafsir
Эй Пайғамбар алайҳиссалом, сиздан калола мероси ҳақида фатво сўрайдилар. Асл вориси (ота-бобоси) ҳам, фаръ вориси (ўғил-қизи) ҳам бўлмаган одам калола дейилади. Айтингки, бу борадаги ҳукмни Аллоҳ баён қилади. Ота-бобоси ҳам, фарзанди ҳам бўлмаган бир одам ўлса ва унинг бир дона туғишган ёки отабир опа ё синглиси бўлса, мероснинг ярми улуш сифатида уникидир. Туғишган ёки отабир ака ё укаси бўлса ва биронта ҳам улуш оладиган меросхўр бўлмаса, у асаба сифатида мероснинг ҳаммасини олади. Улуш оладиган меросхўр бўлса, унга тегадиган улушдан қолганини олади. Туғишган ёки отабир опа ё сингил бир дона эмас, бир неча бўлса, мероснинг учдан иккиси улуш сифатида уларникидир. Туғишган опа ё сингилларгина эмас, ака ё укалар ҳам бўлса, ҳаммаси асаба сифатида мерос олади ва бу ерда "Бир эркакка икки аёл улуши" қоидасига амал қилинади. Яъни, эркакларга аёлларга нисбатан икки баробар кўп мерос берилади. Аллоҳ сизларга калола ҳукмини ҳам, мероснинг бошқа ҳукмларини ҳам адашиб кетмаслигингиз учун баён қиляпти. Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчидир. Ҳеч нарса У Зотдан яширин эмас.
O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing