Sura 48 · Para 26

Al-Fath · 48:29

مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللَّهِ ۚ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاءُ عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاءُ بَيْنَهُمْ ۖ تَرَاهُمْ رُكَّعًا سُجَّدًا يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانًا ۖ سِيمَاهُمْ فِي وُجُوهِهِمْ مِنْ أَثَرِ السُّجُودِ ۚ ذَٰلِكَ مَثَلُهُمْ فِي التَّوْرَاةِ ۚ وَمَثَلُهُمْ فِي الْإِنْجِيلِ كَزَرْعٍ أَخْرَجَ شَطْأَهُ فَآزَرَهُ فَاسْتَغْلَظَ فَاسْتَوَىٰ عَلَىٰ سُوقِهِ يُعْجِبُ الزُّرَّاعَ لِيَغِيظَ بِهِمُ الْكُفَّارَ ۗ وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ مِنْهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا

29. Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни, кофирларга қаҳрли бўлиш, мўминларга меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни, Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир.

Tafsir

Муҳаммад Расулуллоҳ ва у зот билан бирга бўлганлар ўзларига қарши жанг қилаётган кофирларга нисбатан қаҳрли, ўзаро бир-бирларига нисбатан эса раҳм-шафқатли, ғамхўрдирлар. Кўрасизки, улар Аллоҳдан Ўз фазлу марҳамати ила мағфират қилишини, ажру савоблар беришини ва рози бўлишини тилаб рукуъ ва саждалар қиладилар. Уларнинг юзларида сажда изидан белги бордир. Бу юзларда ҳидоят нишонаси ва намоз нури балқиб туради. Мана шу уларнинг Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган Тавротдаги мисолларидир. Ийсо алайҳиссаломга нозил қилинган Инжилдаги мисоллари эса улар ўзаро бирдамлиги ва жипслигида худди бир шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз танасида тик турган, деҳқонларни ўз кучи ва камоли ила лол қолдирадиган азим дарахтга ўхшайди. Токи улардаги бирдамлик ва мукаммалликни кўриб, кофирларга алам қилсин. Аллоҳ улардан иймон келтириб, яхши амаллар қилганларига мағфират ваъда қилган. Гуноҳлари учун уларни жазоламайди. Уларга улуғ ажр ҳам ваъда қилган. У жаннатдир.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing