Sura 47 · Para 26

Muhammad · 47:16

وَمِنْهُمْ مَنْ يَسْتَمِعُ إِلَيْكَ حَتَّىٰ إِذَا خَرَجُوا مِنْ عِنْدِكَ قَالُوا لِلَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ مَاذَا قَالَ آنِفًا ۚ أُولَٰئِكَ الَّذِينَ طَبَعَ اللَّهُ عَلَىٰ قُلُوبِهِمْ وَاتَّبَعُوا أَهْوَاءَهُمْ

16. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларнинг (мунофиқларнинг) орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар сизга қулоқ солиб турур-да, ҳузурингиздан чиққан вақтларида, илм ато этилган зотлардан (масхара қилишиб): «Ҳозиргина (Муҳаммад) нима девди?», деб сўрарлар. Ана ўшалар Аллоҳ дилларини муҳрлаб қўйган ва ўзларининг ҳавойи нафсларига эргашган кимсалардир.

Tafsir

Эй Пайғамбар, мунофиқлар орасида шундай кимсалар борки, сизга номига қулоқ соладилар. Мақсадлари қабул қилиш эмас, эътироз билдириш бўлади. Ҳузурингиздан чиққанларида атайин ўзларини билмаганликка солиб, илм ато этилган кишиларга: "Ҳозир нима деди?", дея масхараомиз савол ташлайдилар. Аллоҳ уларнинг қалбларини муҳрлаб қўйган. Муҳрланган қалбларга яхши гап етиб бормайди. Улар ҳавойи нафсларига эргашадилар. Ҳавойи нафс эса ҳар доим ҳақнинг юзини ёпиб туради. Уни сал четроққа сурасиз, кейин ҳақни кўрасиз.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing