Sura 2 · Para 3

Al-Baqarah · 2:283

۞ وَإِنْ كُنْتُمْ عَلَىٰ سَفَرٍ وَلَمْ تَجِدُوا كَاتِبًا فَرِهَانٌ مَقْبُوضَةٌ ۖ فَإِنْ أَمِنَ بَعْضُكُمْ بَعْضًا فَلْيُؤَدِّ الَّذِي اؤْتُمِنَ أَمَانَتَهُ وَلْيَتَّقِ اللَّهَ رَبَّهُ ۗ وَلَا تَكْتُمُوا الشَّهَادَةَ ۚ وَمَنْ يَكْتُمْهَا فَإِنَّهُ آثِمٌ قَلْبُهُ ۗ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ

283. Агар сафарда бўлсангиз ва котиб топа олмасангиз (берилган нарса эвазига) қўл билан тутгудек гаров олинг! Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз, омонат қўйилган киши омонатини адо қилсин ва Парвардигори — Аллоҳдан қўрқсин! Гувоҳликни яширмангиз! Ким (гувоҳликдан бош тортиш билан) уни яширса, бас, албатта унинг қалби осий — гуноҳкордир. Аллоҳ қилаётган амалингизни билгувчидир.

Tafsir

Сафарда бўлиб, қарз васиқасини ёзишга котиб топа олмасангизлар, қарз олаётган одам уни бераётган одамга бирор нарсани гаров қўйиши кифоя қилади. Қўйган гарови то қарзини қайтаргунича кафил бўлиб туради. Агар бир-бирларингизга қаттиқ ишонсангизлар, ёзиш ҳам, гувоҳ чақириш ҳам, гаровга нарса қўйиш ҳам шарт бўлмайди. У пайтда қарз қарздорнинг бўйнига омонатга айланади ва у Аллоҳдан тақво қилиб, омонатга бирон шикаст етказмасдан эгасига қайтариши вожиб бўлади. Қарздор қарзидан тонса, гувоҳ гувоҳлигини қилиши шарт. Гувоҳлик қилишдан бош тортиб, бўлган қарз муомаласини яширган одам қалби бузуқ, гуноҳкор, осийдир. Аллоҳ қилган ишларингизни кўриб-билиб тургувчидир. Ҳеч нарса У Зотдан яширин қолмайди. Яқинда амалларингизга яраша жазо ёки мукофотингизни беради.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing