Sura 2 · Para 3

Ayat ad-Dayn · Al-Baqarah 2:282

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا تَدَايَنْتُمْ بِدَيْنٍ إِلَىٰ أَجَلٍ مُسَمًّى فَاكْتُبُوهُ ۚ وَلْيَكْتُبْ بَيْنَكُمْ كَاتِبٌ بِالْعَدْلِ ۚ وَلَا يَأْبَ كَاتِبٌ أَنْ يَكْتُبَ كَمَا عَلَّمَهُ اللَّهُ ۚ فَلْيَكْتُبْ وَلْيُمْلِلِ الَّذِي عَلَيْهِ الْحَقُّ وَلْيَتَّقِ اللَّهَ رَبَّهُ وَلَا يَبْخَسْ مِنْهُ شَيْئًا ۚ فَإِنْ كَانَ الَّذِي عَلَيْهِ الْحَقُّ سَفِيهًا أَوْ ضَعِيفًا أَوْ لَا يَسْتَطِيعُ أَنْ يُمِلَّ هُوَ فَلْيُمْلِلْ وَلِيُّهُ بِالْعَدْلِ ۚ وَاسْتَشْهِدُوا شَهِيدَيْنِ مِنْ رِجَالِكُمْ ۖ فَإِنْ لَمْ يَكُونَا رَجُلَيْنِ فَرَجُلٌ وَامْرَأَتَانِ مِمَّنْ تَرْضَوْنَ مِنَ الشُّهَدَاءِ أَنْ تَضِلَّ إِحْدَاهُمَا فَتُذَكِّرَ إِحْدَاهُمَا الْأُخْرَىٰ ۚ وَلَا يَأْبَ الشُّهَدَاءُ إِذَا مَا دُعُوا ۚ وَلَا تَسْأَمُوا أَنْ تَكْتُبُوهُ صَغِيرًا أَوْ كَبِيرًا إِلَىٰ أَجَلِهِ ۚ ذَٰلِكُمْ أَقْسَطُ عِنْدَ اللَّهِ وَأَقْوَمُ لِلشَّهَادَةِ وَأَدْنَىٰ أَلَّا تَرْتَابُوا ۖ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً حَاضِرَةً تُدِيرُونَهَا بَيْنَكُمْ فَلَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَلَّا تَكْتُبُوهَا ۗ وَأَشْهِدُوا إِذَا تَبَايَعْتُمْ ۚ وَلَا يُضَارَّ كَاتِبٌ وَلَا شَهِيدٌ ۚ وَإِنْ تَفْعَلُوا فَإِنَّهُ فُسُوقٌ بِكُمْ ۗ وَاتَّقُوا اللَّهَ ۖ وَيُعَلِّمُكُمُ اللَّهُ ۗ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

282. Эй мўминлар, бир-бирларингиз билан қарз муомаласини қилсангиз, ёзиб қўйинглар! Ораларингизда бир котиб адолат билан ёзсин! Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдирган ёзишдан бош тортмасин, албатта ёзсин! Зиммасида қарзи бўлган киши ёздирсин — Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқсин ва у қарздан бирон нарса камайтириб ёзмасин! Агар зиммасида қарзи бўлган киши ақлсиз ё ожиз (ёш бола ё жуда кекса) бўлса, ёки (кар, соқовлиги ё тил билмаслиги сабабли айтиб туриб) ёздиришга қодир бўлмаса, унинг ҳомий вакили адолат билан ёздирсин! Ва сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини, агар икки эркак топилмаса, бир эркак ва икки аёлни — бири унутиб адашса, яна бири унга эслатади — гувоҳ қилинглар! Гувоҳлар (гувоҳлик учун) чақирилганда бош тортмасинлар! Хоҳ катта, хоҳ кичик қарз бўлсин, муддати келгунича ёзиб қўйишдан эринманглар. Мана шу Аллоҳ наздида адолатлироқ, гувоҳлик учун тўғрироқ ва шак-шубҳа қилмасликка яқинроқ бўлган (ҳукмдир). Лекин агар (ўртадаги муомалангиз) ораларингизда юргизиб турган нақд савдо бўлса, уни ёзмасангизда, сизлар учун гуноҳ йўқдир. Ва бир-бирингиз билан савдо қилганда гувоҳ келтиринг! Ва на котиб, на гувоҳга зарар етмасин. Агар шундай қилсангиз (яъни, улардан биронтасига зарар етказсангиз), бу Аллоҳга итоатсизлигингиздир. Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга (ҳақ-ҳидоят йўлини) билдиради. Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.

Tafsir

Эй Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарига эргашган мўминлар, қарзга оид муомала қилганингизда, яъни, бировингиз бошқангизга муайян муддатга қарз берганда уни ёзиб қўйинглар. Бир котиб шариатга мувофиқ инсоф билан тўғрисини ёзсин. Котиб Аллоҳ билдирганидек адолат билан ёзишдан бош тортмасин. Қарз олаётган одам айтиб турсин ва котиб ёзсин. Шу иши унинг қарз олганига иқрори бўлади. Парвардигоридан тақво қилсин-да, қарзнинг миқдори, сифати ва аҳволи ҳақида бирон жойини кам айта кўрмасин. Агар қарз олаётган одам бу ишнинг уддасидан чиқа олмаса ёки ёшлиги ё ақли заифлиги туфайли ожиз бўлса ёки гунглик каби бирон нуқсони сабабли айтиб тура олмаса, унинг ўрнига шу ишга масъул бўлган ҳомий вакили айтиб турсин. У ҳам инсоф билан ростини айтсин. Иккита ақлли, адолатли эркакни гувоҳликка чақиринглар. Икки эркак топилмаса, бир эркак ҳамда икки диндор ва омонатдор аёл бўлсин. Аёллардан бири унутган жойини иккинчиси эслатиб туради. Гувоҳлар қарз муомаласида гувоҳликка чақирилсалар, рад этмасинлар. Гувоҳ бўлиш уларнинг бурчларидир. Қарз оз бўлсин, кўп бўлсин аниқ муддат белгилаб ёзиб қўйишни малол олманглар. Ёзиб қўйиш Аллоҳнинг шариатида адолатлироқ, гувоҳларнинг гувоҳлик беришлари борасида мукаммалроқ, қарзнинг нави, миқдори ва муддати борасида шубҳага ўрин қолдирмайдиганроқ ишдир. Лекин агар муомала нақд нарса ва аниқ нарх билан савдо қилиш бўлса, уни ёзмасангизлар ҳам бўлаверади. Чунки бундай пайтда ёзишга ҳожат қолмайди. Низонинг олдини олиш учун гувоҳ чақириш шариатлаштирилди. Котиблар ва гувоҳларга зарар қилиш жоиз эмас. Айни пайтда котиблар ва гувоҳлар ҳам ёзиб бериш ёки гувоҳликка ўтиб беришни илтимос қилган кишига зарар қилмасинлар. Зарар қилиш Аллоҳга итоатсизлик, маъсиятдир. Эй мўминлар, Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш билан тақво қилинглар. Аллоҳ сизларга дунё ва охиратингизни ислоҳ қиладиган ишларни ўргатади. Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб-билиб туради. Ҳеч нарса У Зотдан яширин қолмайди.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing