Sura 2 · Para 3

Al-Baqarah · 2:275

الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لَا يَقُومُونَ إِلَّا كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ ۚ ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمْ قَالُوا إِنَّمَا الْبَيْعُ مِثْلُ الرِّبَا ۗ وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا ۚ فَمَنْ جَاءَهُ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّهِ فَانْتَهَىٰ فَلَهُ مَا سَلَفَ وَأَمْرُهُ إِلَى اللَّهِ ۖ وَمَنْ عَادَ فَأُولَٰئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ ۖ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

275. Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат Кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: «Байъ (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?», деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Бас, кимга Парвардигоридан мавъиза — насиҳат етгач (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (топширилади). (Яъни, Аллоҳ хоҳласа афв қилар). Ва ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар.

Tafsir

Судхўрлик қилиб, қарзга фоиз оладиганлар қиёмат куни қабрларидан худди шайтон чалиб кетган одамга ўхшаб, гандираклаб, ўзини бошқара олмаган ҳолда турадилар. Чунки улар судхўрликни ҳалол билдилар, у билан Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган савдо орасини ажрата олмадилар-да, савдо ҳам, рибо ҳам бир, иккиси ҳам фойда келтиради, мол-давлатни кўпайтиради, дедилар. Аллоҳ уларни рад қилиб, бу қиёсларининг норўғрилигини, ёлғонлигини очиқлаб, савдони ҳалол, рибони эса ҳаром қилди. Зеро, савдода хосу оммага манфаат бор бўлса, рибода зулм, ўзгалар молини ноҳақ эгаллаб олиш бордир. Кимга Парвардигори тарафидан насиҳат келиб, уни рибодан огоҳлантирган бўлса ва у йўлидан қайтиб, тавба қилса, олдинги топган мол-дунёси ўзиники бўлади. Олдинги ишлари учун унга гуноҳ ёзилмайди. Унинг келгусидаги иши Аллоҳга ҳавола. Ким Аллоҳ тарафидан тақиқ қўйилганидан кейин ҳам яна судхўрлик қилса, дўзахга кириш ва унда абадий қолишга лойиқ бўлиб қолади. Дўзахда абадий қолишдан мақсад узоқ муддат назарда тутилган бўлиши ҳам, ёки рибони ҳалол қилиб олганлар ҳақида айтилган бўлиши ҳам мумкин. Зеро, дўзахда абадий қолиш кофирларга хосдир. Тавҳид аҳли эса унда абадий қолмайдилар.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing