Sura 2 · Para 3

Al-Baqarah · 2:259

أَوْ كَالَّذِي مَرَّ عَلَىٰ قَرْيَةٍ وَهِيَ خَاوِيَةٌ عَلَىٰ عُرُوشِهَا قَالَ أَنَّىٰ يُحْيِي هَٰذِهِ اللَّهُ بَعْدَ مَوْتِهَا ۖ فَأَمَاتَهُ اللَّهُ مِائَةَ عَامٍ ثُمَّ بَعَثَهُ ۖ قَالَ كَمْ لَبِثْتَ ۖ قَالَ لَبِثْتُ يَوْمًا أَوْ بَعْضَ يَوْمٍ ۖ قَالَ بَلْ لَبِثْتَ مِائَةَ عَامٍ فَانْظُرْ إِلَىٰ طَعَامِكَ وَشَرَابِكَ لَمْ يَتَسَنَّهْ ۖ وَانْظُرْ إِلَىٰ حِمَارِكَ وَلِنَجْعَلَكَ آيَةً لِلنَّاسِ ۖ وَانْظُرْ إِلَى الْعِظَامِ كَيْفَ نُنْشِزُهَا ثُمَّ نَكْسُوهَا لَحْمًا ۚ فَلَمَّا تَبَيَّنَ لَهُ قَالَ أَعْلَمُ أَنَّ اللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

259. Ёки бир зот (Узайр пайғамбар) ҳақидаги масални (билмадингизмики), у зот томлари йиқилиб ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтаркан: «Аллоҳ бу хароб бўлган қишлоқни қандай тирилтирар экан-а?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб сўради: «Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?» «Бир кун ё ярим кун», деди у. Аллоҳ деди: «Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара — бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин. (Бу ҳодисани Аллоҳнинг қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят — ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплашимизни кўргин». Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: «Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан», деди.

Tafsir

Томлари йиқилиб, деворлари ағанаб, аҳолиси қирилиб, ўзи ҳувиллаб қолган қишлоқдан ўтган одамни кўрдингизми? У ҳайратланиб: "Аллоҳ бу тугаб бўлган қишлоқни қандай тирилтирар экан-а", деганди. Шунда Аллоҳ унинг ўзини юз йил муддатга ўлдириб, қайта тирилтирди ва ундан: "Ўлик ҳолингда қанча турдинг?", деб сўради. У: "Бир кун ё ярим кун", деб жавоб берди. Шунда Аллоҳ унга деди: "Юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара, қандай бўлса, ўшандоқ турибди, заррача ўзгармаган. Ҳолбуки, озиқ-овқат энг тез ўзгарадиган маҳсулот. Анави ўлиб ётган эшагингга қара, чириб, суяклари ажраб ётибди. Энди сени Аллоҳнинг қайта тирилтиришга қодир эканини кўрсатувчи ҳужжат-аломат қилишимиз учун эшагингнинг сочилиб кетган суякларини қандай бирлаштиришимизга, кейин уларнинг устига қандай гўшт қоплашимизга ва шу билан янги ҳаёт бахш этишимизга қара". Буларнинг ҳаммасини кўргач, унга ҳақиқат ойдинлашди ва эътироф этиб: "Аллоҳ ҳар ишга Қодир эканини биламан", деди.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing