Sura 2 · Para 3

Al-Baqarah · 2:258

أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِي حَاجَّ إِبْرَاهِيمَ فِي رَبِّهِ أَنْ آتَاهُ اللَّهُ الْمُلْكَ إِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّيَ الَّذِي يُحْيِي وَيُمِيتُ قَالَ أَنَا أُحْيِي وَأُمِيتُ ۖ قَالَ إِبْرَاهِيمُ فَإِنَّ اللَّهَ يَأْتِي بِالشَّمْسِ مِنَ الْمَشْرِقِ فَأْتِ بِهَا مِنَ الْمَغْرِبِ فَبُهِتَ الَّذِي كَفَرَ ۗ وَاللَّهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ

258. Аллоҳ подшоҳлик берганидан ҳовлиқиб Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимсанинг (Намруднинг) ҳоли-хабарини билмадингизми? Қайсики Иброҳим: «Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган зотдир», деганида, у: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим айтди: «Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради. Сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?» Шунда бу кофир довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди.
____________________
И з о ҳ. Подшоҳ Намруд Иброҳим алайҳиссаломга: «Сен бизларни даъват қилаётган Парвардигоринг қандай зот?» деганида Иброҳим пайғамбар айтдилар: «Парвардигорим ўз бандаларига жон бериб, жон олгувчидир». Шунда Намруд: «Бу менинг ҳам қўлимдан келади», деб икки кишини келтирди-да, бирини ўлдириб, яна бирини қўйиб юборди. Иброҳим алайҳиссалом унинг аҳмоқлигини кўргач, дедилар: «Менинг Парвардигорим қуёшни шарқдан чиқаради. Агар сен чиндан ҳам қудрат эгаси бўлсанг, уни ғарбдан чиқаргин-чи?!» Ана шундагина Намруд жавоб тополмай лол бўлиб қолди.

Tafsir

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом билан Аллоҳнинг рубубияти ва тавҳиди борасида мужодала қилган золимнинг ҳовлиққанини кўрдингизми? Нима учун ҳовлиққанини биласизми? Чунки Аллоҳ унга подшоҳликни берганди ва у босар-тусарини билмай қолганди. Иброҳим алайҳиссалом олдинига Парвардигорининг бир сифатини айтиб: "Раббим халойиқни ўлдиради ва тирилтиради", деди. Золим бунга жавобан саркашлик билан: "Мен ҳам истаган одамимни ўлдираман, истаган одамимни кечириб юбораман", деди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом каттароқ ҳужжат келтириб: "Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради, сен уни мағрибдан чиқар-чи", деди. Шу билан золим мот бўлди-қолди. Ҳужжат кучли эди. Мағлублигини тан олишдан бошқа чора қолмаганди. Аллоҳ золимларни зулми ва зўравонлиги туфайли Ўзининг йўлига йўллаб қўймайди.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing