Sura 2 · Para 2
Al-Baqarah · 2:145
وَلَئِنْ أَتَيْتَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ بِكُلِّ آيَةٍ مَا تَبِعُوا قِبْلَتَكَ ۚ وَمَا أَنْتَ بِتَابِعٍ قِبْلَتَهُمْ ۚ وَمَا بَعْضُهُمْ بِتَابِعٍ قِبْلَةَ بَعْضٍ ۚ وَلَئِنِ اتَّبَعْتَ أَهْوَاءَهُمْ مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَكَ مِنَ الْعِلْمِ ۙ إِنَّكَ إِذًا لَمِنَ الظَّالِمِينَ
145. Қасамки, агар Сиз китоб берилган кимсаларга бор мўъжизаларни келтирсангиз ҳам улар қиблангизга боқмайдилар. Сиз ҳам уларнинг қибласига боқувчи эмассиз. Улар (яҳудий ва насронийлар)нинг бировлари бировларининг қибласига боқувчи эмас. Агар сиз ўзингизга келган билим (ваҳий)дан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсангиз, у ҳолда шубҳасиз, золимлардан бўлиб қоласиз.
Tafsir
Аллоҳга қасамки, эй Муҳаммад алайҳиссалом, яҳуд ва насоролардан бўлган аҳли китобларга қибланинг ўзгартирилишига доир ҳамма оят-аломатларни, очиқ-равшан ҳужжатларни келтирсангиз ҳам улар сизнинг қиблангизга юзланмаслар. Чунки улар сиз олиб келган ваҳийга саркашлик қиладилар, ҳаққа эргашишдан ўзларини катта оладилар. Энди Аллоҳ сизни буриб қўйганидан кейин сиз ҳам уларнинг қибласига ҳаргиз юзланмайсиз. Улар ҳатто бир-бирларининг қибласига ҳам юзланмаслар. Негаки, улардан ҳар бири бошқасини кофирга чиқаради. Энди сизга ҳар қандай шубҳадан холи соғлом илм келиб турганидан кейин ҳам қибла ва бошқа шариатлару ҳукмлар борасида уларнинг ҳавойи нафсларига эргашадиган бўлсангиз, ҳидоятни ташлаб, ҳавойи нафсга эргашган золимлардан бўлиб қоласиз. Пайғамбар алайҳиссаломга қарата қилинаётган бу хитоб уларга эргашиш нақадар қабиҳ эканини кўрсатиб бериш учун бўляпти, холос. Аслида эса Аллоҳ Ўз пайғамбарини бундай қабоҳатдан албатта асрайди. Айни дамда бу огоҳлантириш у зотдан кейин келадиган уммат учун ҳамдир.
O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing