Sura 18 · Para 15
Al-Kahf · 18:22
سَيَقُولُونَ ثَلَاثَةٌ رَابِعُهُمْ كَلْبُهُمْ وَيَقُولُونَ خَمْسَةٌ سَادِسُهُمْ كَلْبُهُمْ رَجْمًا بِالْغَيْبِ ۖ وَيَقُولُونَ سَبْعَةٌ وَثَامِنُهُمْ كَلْبُهُمْ ۚ قُلْ رَبِّي أَعْلَمُ بِعِدَّتِهِمْ مَا يَعْلَمُهُمْ إِلَّا قَلِيلٌ ۗ فَلَا تُمَارِ فِيهِمْ إِلَّا مِرَاءً ظَاهِرًا وَلَا تَسْتَفْتِ فِيهِمْ مِنْهُمْ أَحَدًا
22. Ҳали улар (яъни, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга замондош бўлган яҳудий ва насороларнинг айримлари ўша Асҳобул-Каҳфни): «Учтадир, тўртинчилари итларидир», десалар, айримлари: «Улар бешта бўлиб, олтинчилари итларидир», деб ғайбга тош отурлар (яъни, аниқ билмаган нарсалари ҳақида гап сотурлар). Яна: «Улар еттитадирлар, саккизинчилари итларидир», ҳам дейдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), «Уларнинг саноқларини энг яхши биладиган зот Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билур», денг. Бас, улар (яъни, замондош аҳли китоблар билан Асҳобул-Каҳф) хусусида (ўзингизга нозил бўлган ваҳий воситасида) очиқ мужодала — мунозара қилинг ва (Асҳобул-Каҳф) ҳақида уларнинг биронтасидан фатво — савол сўраманг!
Tafsir
Уларнинг сони ҳақида баҳсга киришиб кетганлар ҳар хил гапларни айтадилар. Кимлардир: "Учта бўлганлар, тўртинчилари итлари бўлган", десалар, бошқалар: "Бешта бўлганлар, олтинчилари итлари бўлган", дейдилар. Ҳар икки тоифа ҳам айтган гапини далил, ҳужжатсиз, гумонига таяниб айтган. Яна айримлар: "Улар еттита бўлганлар ва саккизинчилари итлари бўлган", дейдилар. Эй Пайғамбар, айтинг: "Уларнинг ададини Парвардигорим билгувчироқ. Бу ишни жуда кам сонли одамларгина биладилар. Уларнинг сони ҳақида ҳам, бошқа аҳволлари ҳақида ҳам аҳли китоблар билан ҳам, бошқалар билан ҳам мужодала қилманг. Қилсангиз ҳам, юзаки мужодала қилинг. Чуқур кетманг. Ўзингизга нозил бўлган ваҳийни айтиш билангина чекланинг. Уларнинг тафсилотларини ҳеч кимдан сўраманг. Чунки улар билмайдилар.
O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing