Sura 18 · Para 15
Al-Kahf · 18:21
وَكَذَٰلِكَ أَعْثَرْنَا عَلَيْهِمْ لِيَعْلَمُوا أَنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ وَأَنَّ السَّاعَةَ لَا رَيْبَ فِيهَا إِذْ يَتَنَازَعُونَ بَيْنَهُمْ أَمْرَهُمْ ۖ فَقَالُوا ابْنُوا عَلَيْهِمْ بُنْيَانًا ۖ رَبُّهُمْ أَعْلَمُ بِهِمْ ۚ قَالَ الَّذِينَ غَلَبُوا عَلَىٰ أَمْرِهِمْ لَنَتَّخِذَنَّ عَلَيْهِمْ مَسْجِدًا
21. Шундай қилиб, Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ҳақидаги) ваъдаси ҳақ эканини ва Қиёмат соатининг (келиши) шак-шубҳасиз, эканини билишлари учун (одамларни ғордаги йигитларнинг аҳволидан) огоҳ қилдик. Ўшанда (яъни, ғордаги йигитлар уйқуларидан уйғониб, одамлар бу мўъжизанинг гувоҳи бўлганларидан кейин, улар ажаллари етиб вафот қилишгач) ўзаро уларнинг ишлари ҳақида талашиб-тортиша бошладилар. Бас, (айрим кишилар): «Уларнинг устига уйлар бино қилинглар. Парвардигор уларнинг (қайси жойда, қандай ҳолда ётганларини) жуда яхши билур», дедилар. Уларнинг устида ҳукмрон бўлган (подшоҳ ва сарой аъёнлари эса): «Албатта, сиз улар (яъни, Асҳобул-Каҳф) қабрининг устида бир масжид қуриб олурмиз», дейишди.
Tafsir
Уларни узоқ йиллар ухлатиб, Ўз қудратимизни намойиш қилганимиздек, шаҳар аҳлини улардан хабардор қилиб ҳам қўйдик. Токи, улар Аллоҳнинг мўминларни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги ваъдаси ҳақ эканини, қайта тирилиш ҳақлигини, Қиёмат куни ҳам шак-шубҳасиз содир бўлишини билиб олсинлар. Ғор соҳибларининг иши фош бўлиб, ўлиб кетганларидан кейин улардан хабар топганлар, энди нима қиламиз, деб қолдилар. Улардан бир гуруҳи: "Ғорнинг оғзига бир бино қуринглар, уларни тўсиб, ҳимоя қилиб турсин, уларнинг аҳволини Парвардигорлари билгувчироқ", дедилар. Нуфузга, ҳокимиятга эга бўлган илмсиз кимсалар эса: "Уларнинг жойига бир масжид қуриб олиб, ўша ерда ибодат қиламиз. Шу билан уларга эҳтиром кўрсатган ва уларнинг хотирасини абадийлаштирган бўламиз", дедилар.
O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing