Sura 7 · Para 8

Al-A'raf · 7:73

وَإِلَىٰ ثَمُودَ أَخَاهُمْ صَالِحًا ۗ قَالَ يَا قَوْمِ اعْبُدُوا اللَّهَ مَا لَكُمْ مِنْ إِلَٰهٍ غَيْرُهُ ۖ قَدْ جَاءَتْكُمْ بَيِّنَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ ۖ هَٰذِهِ نَاقَةُ اللَّهِ لَكُمْ آيَةً ۖ فَذَرُوهَا تَأْكُلْ فِي أَرْضِ اللَّهِ ۖ وَلَا تَمَسُّوهَا بِسُوءٍ فَيَأْخُذَكُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

73. Самуд қавмига ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизларга Парвардигорингиз томонидан ҳужжат — мана бу Аллоҳ (юборган) туя сизлар учун оят — мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни аламли азоб ушлайди (азобга йўлиқасизлар)».
____________________
И з о ҳ. Ривоят қилишларича, Солиҳ пайғамбарнинг қавми ундан ҳақ пайғамбар эканлигини тасдиқловчи бирон мўъжиза кўрсатишни талаб қилганларида пайғамбар уларнинг кўз ўнгларида бир харсанг тошни тирик туяга айлантирадилар ва уни сўймай-ўлдирмай ўз ҳолига ташлаб қўйишларини буюрадилар. Акс ҳолда, бошларига бало келиши ҳақида уларни огоҳлантирадилар.

Tafsir

Самуд қавмига унинг биродари Солиҳни юбордик. У ҳам Аллоҳни ягона деб билиш ва Унгагина ибодат қилишга даъват этди. Солиҳ деди: "Эй қавмим, ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилингиз. Ундан ўзга чин маъбуд йўқдир. Сизларга олиб келганим рисолатнинг ҳақлигига Аллоҳ тарафидан очиқ оят-ҳужжат келган. У харсанг тош ичидан чиқадиган туяда ўз ифодасини топган. Унинг ичадиган ўз вақти бор. Сизлар учун ҳам ичишга аниқ бир кун тайин қилинган. Уни тек қўйинглар. Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юраверсин. Сизларга унинг оғирлик қиладиган жойи йўқ. Уни сизлар боқмайсизлар. Унга озор бермангиз. Тағин унга озор бериб қўйиб, ўзларингиз ҳам аламли азобга гирифтор бўлиб юрмангиз.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing