Sura 7 · Para 9

Al-A'raf · 7:150

وَلَمَّا رَجَعَ مُوسَىٰ إِلَىٰ قَوْمِهِ غَضْبَانَ أَسِفًا قَالَ بِئْسَمَا خَلَفْتُمُونِي مِنْ بَعْدِي ۖ أَعَجِلْتُمْ أَمْرَ رَبِّكُمْ ۖ وَأَلْقَى الْأَلْوَاحَ وَأَخَذَ بِرَأْسِ أَخِيهِ يَجُرُّهُ إِلَيْهِ ۚ قَالَ ابْنَ أُمَّ إِنَّ الْقَوْمَ اسْتَضْعَفُونِي وَكَادُوا يَقْتُلُونَنِي فَلَا تُشْمِتْ بِيَ الْأَعْدَاءَ وَلَا تَجْعَلْنِي مَعَ الْقَوْمِ الظَّالِمِينَ

150. Қачонки Мусо қавмига (уларнинг бузоққа сиғинганликларидан) ғазабланган ва ғамгин бўлган ҳолда қайтгач: «Менинг ортимдан нақадар ёмон (ишлар қилиб) қолувчи (халифа) бўлдингиз. Парвардигорингизнинг амр-фармонидан (у етиб келгунича сабр қилмай) шошиб кетдингизми?» деб (ғазабланганидан қўлидаги) лавҳларни ташлаб юборди ва акасининг бошидан (сочидан) ушлаб ўзига торта бошлади. (Ҳорун) деди: «Эй онамнинг боласи — биродарим», бу қавм мени хўрлаб, ўлдиришларига оз қолди, энди сен ҳам бу душманларни менинг устимдан кулдирмагин ва мени бу золим қавм билан бирга деб билмагин.

Tafsir

Мусо Парвардигори билан гаплашиб қайтгач, қавмининг бузоққа ибодат қилаётганини кўриб, қаттиқ хафа бўлди ва ғазабга миниб деди: "Эй қавмим, мен кетганимдан кейин нақадар хунук иш қилибсизлар. Энди бу иш сизларни бахтиқаролик ва ҳалокат чоҳига улоқтиради. Мени кутиб туриш сизларга малол келдими? Бузоққа ибодат қилишдек бир манфур ишга қандай журъат этдинглар?" У ғазабга тўлиб-тошганидан ўзини тутолмай, лавҳларни отиб юборди. Акаси Ҳорунни қавмни бу гуноҳдан қайтармаганликда айблаб, боши ва соқолидан ушлаб ўзига тортди. Ҳорун узрини айтиб, шафқат сўраб деди: "Эй жигарим, улар мени менсимадилар, ўсал топдилар, ҳатто ўлдириб қўйишларига сал қолди. Энди сен ҳам душманларимни хурсанд қилиб, мени жазога тортма. Ғазабингни боса олмасдан мени ҳам ўша мушрик, золимлар сафига қўшиб юборма!"

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing