Sura 6 · Para 8

Al-An'am · 6:152

وَلَا تَقْرَبُوا مَالَ الْيَتِيمِ إِلَّا بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ حَتَّىٰ يَبْلُغَ أَشُدَّهُ ۖ وَأَوْفُوا الْكَيْلَ وَالْمِيزَانَ بِالْقِسْطِ ۖ لَا نُكَلِّفُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا ۖ وَإِذَا قُلْتُمْ فَاعْدِلُوا وَلَوْ كَانَ ذَا قُرْبَىٰ ۖ وَبِعَهْدِ اللَّهِ أَوْفُوا ۚ ذَٰلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

152. Етимнинг молига то вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билан яқинлашингиз! Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз! Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Сўзлаганингизда (гувоҳлик берганингизда) гарчи қариндошингиз бўлса ҳам адолат қилингиз! Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Шояд эслатма (насиҳат) олурсиз, деб сизларни мана шу нарсага буюрди.

Tafsir

Аллоҳ етимнинг молига то у балоғат ёшига етиб, фойда-зарарни ажратадиган бўлгунига қадар дахл қилишни ҳаром қилди. Лекин агар бу ишда етимнинг молига фойда бўлса, зарари йўқ. Тарози ва бошқа ўлчовларда уриб қолишни ҳаром қилди. Олди-сотди ишларида адолат билан иш тутмоқ вожиб. Биз бир жонга тоқатидан ортиқ вазифа юкламаймиз. Ўлчовлардаги эҳтиёт бўлишнинг имкони бўлмаган миқдордаги кўп ё кам бўлиш ҳолати учун жазо берилмайди. Сизларга бирон хабар етказиш ёки гувоҳ бўлишда бирон дўстингиз ёки яқинингизнинг тарафини олиб, ёлғон сўзлашни ҳаром қилди. Сизларга Аллоҳга берган ваъдангизга ёки Аллоҳ номига қасам ичиб берган ваъдангизга вафо қилмасликни ҳаром қилди. Ваъдага вафо қилишингиз вожиб. Шу ўтганларни Аллоҳ қаттиқ тайинлаб буюрди. Шоядки, оқибатни ўйлаб иш қилсангизлар.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing