Sura 59 · Para 28

Al-Hashr · 59:9

وَالَّذِينَ تَبَوَّءُوا الدَّارَ وَالْإِيمَانَ مِنْ قَبْلِهِمْ يُحِبُّونَ مَنْ هَاجَرَ إِلَيْهِمْ وَلَا يَجِدُونَ فِي صُدُورِهِمْ حَاجَةً مِمَّا أُوتُوا وَيُؤْثِرُونَ عَلَىٰ أَنْفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ ۚ وَمَنْ يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُولَٰئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ

9. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир.
____________________
И з о ҳ. Мазкур оятларда ўзларининг уй-жой ва мол-мулкларини тарк этиб Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом билан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келган муҳожирларнинг орзу-ниятлари фақат Аллоҳнинг ризолигини исташ ҳамда Аллоҳ ва пайғамбарга ёрдам қилиш бўлганлиги таъкидланди ва ғазотлардан тушадиган ўлжаларнинг бир қисми ўшаларнинг ҳақлари эканлиги уқтирилди. Шунингдек, уларнинг йўлларига уй-жой ва иймон-эътиқод билан пешвоз чиққан ансорлар-ёрдамчилар (улар пайғамбаримизга ва бошқа муҳожирларга ҳар бир ишда кўмак берганлиги учун мана шу номга сазовор бўлганлар), ва уларнинг бағрикенгликлари, ўз манфаатларидан ўзгаларнинг манфаатини устун қўя олишлари таърифланди. Ҳукамолардан Абу Зайднинг ғоят ибратли мана бу сўзи худди ўша ансорлар ҳақида айтилгандек: «Балхлик бир йигит менга: «Ўзларингизнинг зуҳд-тақволарингиз ҳақида гапириб бергин», деган эди, мен айтдим: «Топсак еймиз, топмасак сабр қиламиз». Шунда у деди: «Бизда Балхнинг итлари шундай қилишади, биз эса топмасак сабр қиламиз, топсак ўзимиздан муҳтожроқларга берамиз».

Tafsir

Ансорлар Мадинани муҳожирлардан олдин манзил тутган, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига иймон келтирган кишилардир. Улар Маккадан ҳижрат қилиб келган кишиларни яхши кўрадилар. Агар ўлжадан Аллоҳ йўлидаги муҳожирларга берилиб, уларга берилмаса ҳам қалбларида биродарларига нисбатан нафрат ва ҳасадни топмайдилар. Ўзлари камбағал ва ҳожатманд бўла туриб, дунёвий насибаларни муҳожирларга илинадилар. Аллоҳ таоло кимни мол-дунёга очкўзликдан сақласа ва у мол-мулкини Аллоҳ йўлида сарфласа, ана ўшалар мурод-мақсадига етиб, хавф-хатардан қутулиб, зафар қучган кишилардир.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing