Sura 58 · Para 28
Al-Mujadila · 58:22
لَا تَجِدُ قَوْمًا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ يُوَادُّونَ مَنْ حَادَّ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَلَوْ كَانُوا آبَاءَهُمْ أَوْ أَبْنَاءَهُمْ أَوْ إِخْوَانَهُمْ أَوْ عَشِيرَتَهُمْ ۚ أُولَٰئِكَ كَتَبَ فِي قُلُوبِهِمُ الْإِيمَانَ وَأَيَّدَهُمْ بِرُوحٍ مِنْهُ ۖ وَيُدْخِلُهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا ۚ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ ۚ أُولَٰئِكَ حِزْبُ اللَّهِ ۚ أَلَا إِنَّ حِزْبَ اللَّهِ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
22. Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан — гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да, дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ — Қуръон билан қувватлантиргандир. У зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан — У зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар. Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ҳизби (бўлган зотларгина) нажот топгувчидирлар!
Tafsir
Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Аллоҳ ва Расулига ҳамда Қиёмат кунига иймон келтирганларнинг Аллоҳ ва Расулига душман бўлган кимсаларни яхши кўриб, улар билан дўстлашаётганини кўрмайсиз. Гарчи улар ўзларининг оталари, болалари, ака-укалари ёки яқин қариндош-уруғлари бўлсалар-да. Иймон уларни Аллоҳ ва Расулининг душманларига яқин бўлишдан ман қилади. Чунки иймон риштаси барча ришталардан устундир. Қарама-қарши келиб қолганида мана шу ришта муқаддамдир. Аллоҳ ва Расулига душман бўлган кимсалар билан, гарчи улар ўзларининг яқин қариндошлари бўлсалар-да, дўст бўлмаганларнинг қалбларига Аллоҳ таоло бир иймонни жо қилдики, у ҳеч қачон ўзгармайди. Уларнинг иймонини ҳужжат ва нур билан қувватлади. Аллоҳ таоло Қиёмат куни уларни қасрлари ва дарахтлари остидан дарёлар оқиб турадиган Адн жаннатларига киритади. У ерда абадий қоладилар. Жаннатларда неъматларнинг кети узилмайди, тугаб қолмайди. Аллоҳ таоло улардан шундай рози бўладики, бундан кейин уларга ҳеч қачон ғазаб қилмайди. Улар ҳам Аллоҳ таоло берган битмас-туганмас неъматлар туфайли рози бўладилар. Ана шу неъматлардан бири Аллоҳ таолони кўриш неъматидир. Юқорида айтиб ўтилган сифатларга эга бўлган кишилар Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариб, тақиқларидан тийиладиган аскарларидир. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг аскарлари дунёю охиратда мурод-мақсадларига эришиб, қўрққан нарсаларидан нажот топиб, муваффақият қозонган кишилардир.
O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing