Sura 5 · Para 7

Al-Ma'idah · 5:89

لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَٰكِنْ يُؤَاخِذُكُمْ بِمَا عَقَّدْتُمُ الْأَيْمَانَ ۖ فَكَفَّارَتُهُ إِطْعَامُ عَشَرَةِ مَسَاكِينَ مِنْ أَوْسَطِ مَا تُطْعِمُونَ أَهْلِيكُمْ أَوْ كِسْوَتُهُمْ أَوْ تَحْرِيرُ رَقَبَةٍ ۖ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ ۚ ذَٰلِكَ كَفَّارَةُ أَيْمَانِكُمْ إِذَا حَلَفْتُمْ ۚ وَاحْفَظُوا أَيْمَانَكُمْ ۚ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

89. Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки (дилларингиздаги) маҳкам тугган қасам сабабли (агар шундай қасамни бузсангиз) жазолайди. Бас, унинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг сарпосини қилиш, ёхуд бир қулни озод қилишдир. Ким (бу нарсаларни) топа олмаса, уч кун рўза тутсин! Мана шу — қасам ичган (ва уни бузган) пайтингиздаги қасамларингиз каффоратидир. Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз. Шукр қилишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини мана шундай очиқ-ойдин баён қилур.
____________________
И з о ҳ. Мазкур уч нарса (мискинларни таомлантириш, кийинтириш ва қул озод қилиш) бузилган қасамнинг каффорати бўлиб, қасамини бузган киши булардан истаганини қилиши мумкин, бунга ижмоъ бор. Оятда буларнинг энг енгилидан бошланган, таом бериш кийинтиришдан, кийинтириш эса қул озод қилишдан осондир. Агар киши бу уч нарсадан биронтасига қодир бўлмаса, уч кун рўза тутиб беради.

Tafsir

Эй мўминлар, дилларингизда қасд қилмасдан, шунчаки тилингиздан чиққан қасамларингиз учун Аллоҳ сизларни жазоламайди. Дилларингизда қасд қилиб, кейин бузсангиз, ўшанда жазолайди. Бузган қасамингиз учун каффорат тўласангиз Аллоҳ унинг гуноҳини ўчиради. Каффорат тўлаш уч хил бўлади. Юртингиздаги одамлар истеъмол қиладиган ўртача таомлар билан ўнта мискинни тўйдириш ё уларга урфдаги кийимларни олиб бериш ёки бир мўмин қулни озод қилиш. Бу уч нарсага қурби етмаган одам уч кун рўза тутиш билан каффорат тўлайди. Эй мўминлар, бузган қасамингизнинг каффорати мана шулардир. Қасамларингизни эҳтиёт қилиб, ёлғон қасам ичишдан, ҳуда-беҳудага қасам ичаверишдан ва унга вафо қилмасликдан сақланингиз. Яхшиликларни қилаверингиз. Бузган қасамларингиз учун Аллоҳ баён қилганидек каффорат тўлангиз. Аллоҳ сизларга ҳалол ва ҳаромни ажратиб берувчи ҳукмларини баён қилади. Шоядки, билмаган нарсаларингизни билдирган Аллоҳга шукр қилсангизлар.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing

Al-Ma'idah 5:89 · Tlawati