Sura 5 · Para 6

Al-Ma'idah · 5:6

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَيْنِ ۚ وَإِنْ كُنْتُمْ جُنُبًا فَاطَّهَّرُوا ۚ وَإِنْ كُنْتُمْ مَرْضَىٰ أَوْ عَلَىٰ سَفَرٍ أَوْ جَاءَ أَحَدٌ مِنْكُمْ مِنَ الْغَائِطِ أَوْ لَامَسْتُمُ النِّسَاءَ فَلَمْ تَجِدُوا مَاءً فَتَيَمَّمُوا صَعِيدًا طَيِّبًا فَامْسَحُوا بِوُجُوهِكُمْ وَأَيْدِيكُمْ مِنْهُ ۚ مَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيَجْعَلَ عَلَيْكُمْ مِنْ حَرَجٍ وَلَٰكِنْ يُرِيدُ لِيُطَهِّرَكُمْ وَلِيُتِمَّ نِعْمَتَهُ عَلَيْكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

6. Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни, нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз! Агар жунуб бўлсаларингиз, чўмилингиз! Агар бемор ё мусофир бўлсангиз ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз (яъни, юзингиз ва қўлларингизни покиза тупроқ билан силангиз). Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди.

Tafsir

Эй иймон келтирганлар, намоз ўқишга турмоқчи бўлсангиз-у, таҳоратингиз бўлмаса, таҳорат олингиз, яъни, юзларингизни ҳамда қўлларингизни тирсаклари билан ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқлари билан ювингиз. Агар жунуб бўлсангиз, ғусл қилингиз. Ҳожатхонадан чиққанингиз туфайли таҳорат қилишингиз ёки аёлларга яқинлик қилганингиз туфайли ғусл қилишингиз шарт бўлиб қолганда бемор бўлиб, касалингиз катталашиб кетишидан ё тузалиши кечикиб кетишидан қўрқсангиз ёки мусофир бўлсангиз, таяммум қилингиз. Яъни, бир тоза ерга қўлларингизни уриб, юзларингиз ва қўлларингизга суртингиз. Аллоҳ ҳукмлари билан сизларга қийинчилик туғдириб, зарар бўлса ҳам сувни ишлатишга мажбурламади. Аксинча, сувсизлик ёки касаллик туфайли узрли бўлиб қолганда сувнинг ўрнига таяммум қилишни шариатлаштирди. Шу билан сизларга берган неъматини тўла қилди. Шоядки, Аллоҳнинг неъматига шукр қилсангизлар, унга нонкўрлик қилмасангизлар.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing

Al-Ma'idah 5:6 · Tlawati