Sura 5 · Para 6

Al-Ma'idah · 5:32

مِنْ أَجْلِ ذَٰلِكَ كَتَبْنَا عَلَىٰ بَنِي إِسْرَائِيلَ أَنَّهُ مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا ۚ وَلَقَدْ جَاءَتْهُمْ رُسُلُنَا بِالْبَيِّنَاتِ ثُمَّ إِنَّ كَثِيرًا مِنْهُمْ بَعْدَ ذَٰلِكَ فِي الْأَرْضِ لَمُسْرِفُونَ

32. Ана ўша (фожеа) сабабли Бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) ёзиб қўйдик: кимки бирон жонни ўлдирмаган ва Ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, у гуё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни, ўлдиришдан бош тортса), демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди. Уларга (Бани Исроилга) пайғамбарларимиз мана шундай ҳужжатлар келтирдилар. Шундан кейин ҳам улардан кўплари Ер юзида (қон тўкиш билан) ҳаддан ошиб юргувчидирлар.
____________________
И з о ҳ. Мазкур оятда Исломнинг инсонпарварлиги кўзга ташланади. Яъни бир кишини ноҳақ ўлдириш бутун жамиятни ўлдириш, бир кишини ҳалокатдан сақлаб қолиш эса бутун жамиятни асраб қолишдир, деб таъкидланади.

Tafsir

Қобил ўз укасини ўлдиргани туфайли Бани Исроилга билдириб қўйдикки, қасос ёки ер юзида бузғунчилик қилиш каби сабабларсиз бир одамни ўлдирган киши худди ҳамма одамларни ўлдиргандек бўлади. Чунки, бундай одамнинг наздида бегуноҳнинг гуноҳкордан фарқи йўқ. Ким эътиқодидан келиб чиқиб, ўлдириш ҳаром бўлган одамни ўлдиришдан ўзини тийса, худди ҳамма одамларнинг жонини сақлаб қолгандек бўлади. Зеро, унинг бу ишида ҳамма учун саломатлик бор. Элчиларимиз Бани Исроилга ёрқин ҳужжатлар ва очиқ далилларни олиб келдилар. Шундай бўлса ҳам улардан кўплари Аллоҳнинг ҳадларидан ошиб, пайғамбарларига қулоқ солмай, гуноҳлар лойига ботдилар.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing

Al-Ma'idah 5:32 · Tlawati