Sura 42 · Para 25
Ash-Shura · 42:15
فَلِذَٰلِكَ فَادْعُ ۖ وَاسْتَقِمْ كَمَا أُمِرْتَ ۖ وَلَا تَتَّبِعْ أَهْوَاءَهُمْ ۖ وَقُلْ آمَنْتُ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ مِنْ كِتَابٍ ۖ وَأُمِرْتُ لِأَعْدِلَ بَيْنَكُمُ ۖ اللَّهُ رَبُّنَا وَرَبُّكُمْ ۖ لَنَا أَعْمَالُنَا وَلَكُمْ أَعْمَالُكُمْ ۖ لَا حُجَّةَ بَيْنَنَا وَبَيْنَكُمُ ۖ اللَّهُ يَجْمَعُ بَيْنَنَا ۖ وَإِلَيْهِ الْمَصِيرُ
15. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), мана шунинг учун (яъни, аввалги қавмлар фирқа-фирқа бўлиб кетганлари сабабли йўлдан озганлари учун — сиз ўз умматларингизни бирлик-иттифоққа) даъват қилинг ва ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри Йўлда бўлинг ҳамда уларнинг (мушрикларнинг) ҳавойи нафсларига эргашманг! Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда (мендан сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда) адолат қилишга амр этилдим. Аллоҳ Парвардигоримиз ва Парвардигорингиздир. Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда бирон жанжал йўқдир. Аллоҳ (Қиёмат Кунида) барчамизни жамлар ва ёлғиз Унга қайтиш бордир.
Tafsir
Мана шу тўғри динга даъват этинг. Аллоҳ қандай буюрган бўлса, ўшандай барқарор туринг. Ноҳақларнинг ҳавойи нафсларига эргашиб кетманг. Мунозара бўлса, айтинг: "Мен Аллоҳга ва У пайғамбарларга нозил қилган китобларга иймон келтирдим. Аллоҳ мени сизларнинг ораларингизда адолат билан ҳукм қилишимга буюрди. Мен ибодат қилаётган Аллоҳ менинг ҳам Парвардигоримдир, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Яхши бўлсин, ёмон бўлсин, бизга ўзимизнинг амалларимиз, сизларга ўзингизнинг амалларингиз. Ҳужжат аниқ бўлганидан кейин энди биз билан сизларнинг ўртангизда ҳеч қандай талашиб-тортишиш йўқ. Аллоҳ бизни ҳам, сизларни ҳам жамлайди. Қиёмат куни ҳаммамиз Унинг ҳузурига қайтамиз ва ҳаммамиз қилмишимизга яраша жазо ёки мукофотимизни оламиз. Ким ҳақ, ким ноҳақ, ўшанда аён бўлади".