Sura 4 · Para 5

An-Nisa · 4:92

وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ أَنْ يَقْتُلَ مُؤْمِنًا إِلَّا خَطَأً ۚ وَمَنْ قَتَلَ مُؤْمِنًا خَطَأً فَتَحْرِيرُ رَقَبَةٍ مُؤْمِنَةٍ وَدِيَةٌ مُسَلَّمَةٌ إِلَىٰ أَهْلِهِ إِلَّا أَنْ يَصَّدَّقُوا ۚ فَإِنْ كَانَ مِنْ قَوْمٍ عَدُوٍّ لَكُمْ وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَتَحْرِيرُ رَقَبَةٍ مُؤْمِنَةٍ ۖ وَإِنْ كَانَ مِنْ قَوْمٍ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَهُمْ مِيثَاقٌ فَدِيَةٌ مُسَلَّمَةٌ إِلَىٰ أَهْلِهِ وَتَحْرِيرُ رَقَبَةٍ مُؤْمِنَةٍ ۖ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ تَوْبَةً مِنَ اللَّهِ ۗ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا

92. Мўмин мўминни фақат билмаган ҳолдагина ўлдириб қўйиши мумкин. Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва марҳумнинг эгаларига — агар кечиб юбормасалар — хун тўлаши вожибдир. Агар марҳум ўзи мўмин бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш лозим. Бас, ким (озод қилиш учун бир қул) топишга қодир бўлмаса, Аллоҳга тавба қилиб муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.

Tafsir

Мўмин мўминни ўлдириши мумкин эмас. Билмасдан ўлдириб қўйиши бундан мустасно. Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, қилмишининг каффорати учун бир мўмин қулни озод қилиши ва марҳумнинг меросхўрларига хун тўлаши вожибдир. Бу вазифа фақат қотилнинг ўзигагина эмас, унинг яқин, меросхўр қариндошлари гарданига ҳам тушади. Лекин агар марҳумнинг меросхўрлари хунидан кечиб юборсалар, уни тўлаши шарт бўлмайди. Агар марҳум мўминларга душман қавмдан бўлиб, ўзи мўмин бўлса, қотилга фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб бўлади, холос. Хун тўлаши эса вожиб бўлмайди. Агар ўлган одам мўминлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлиб, ўзи мўмин бўлмаса, қотилнинг меросхўрларига ўлдирилган кишининг меросхўрларига хун тўлашлари вожиб бўлади. Қотил эса қилмишига каффорат сифатида бир қулни озод қилади. Бир қул озод қилишга ёки унинг пулини тўлашга қодир бўлмаса, муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим бўлади. Токи, Аллоҳ унинг қилган гуноҳини кечирсин. Аллоҳ бандаларининг қилаётган ишларини ҳам, дилларидаги ниятларини ҳам кўриб-билиб турадиган, ҳар бир шариати ва тадбирини ҳикмат билан қиладиган Зотдир.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing