Sura 3 · Para 4

Ali 'Imran · 3:179

مَا كَانَ اللَّهُ لِيَذَرَ الْمُؤْمِنِينَ عَلَىٰ مَا أَنْتُمْ عَلَيْهِ حَتَّىٰ يَمِيزَ الْخَبِيثَ مِنَ الطَّيِّبِ ۗ وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيُطْلِعَكُمْ عَلَى الْغَيْبِ وَلَٰكِنَّ اللَّهَ يَجْتَبِي مِنْ رُسُلِهِ مَنْ يَشَاءُ ۖ فَآمِنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ ۚ وَإِنْ تُؤْمِنُوا وَتَتَّقُوا فَلَكُمْ أَجْرٌ عَظِيمٌ

179. Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни, ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. Ҳали у (Уҳудда мунофиқларни мўминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади. Аллоҳ сизларни ғайб илмидан хабардор қилмади. Лекин Аллоҳ пайғамбарларидан Ўзи истаган зотларни сайлаб олур (ва уни ғойибдан хабардор, огоҳ қилур). Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! Агар иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун улуғ ажр-мукофот бордир.

Tafsir

Эй мўминлар, чин мўмин ким-у, мунофиқ ким экани аниқ билинмасдан, турли вазифалару синовлар орқали пок мўминни нопок мунофиқдан ажратиб олмасдан, сизларни шу аҳволингизга ташлаб қўйиш Аллоҳнинг ҳикматидан эмас. Сизларни ғайбдан хабардор қилиб, мўминни мунофиқдан ажратиб оладиган билимдан хабардор қилиш ҳам Аллоҳнинг ҳикматидан эмас. Аллоҳ Ўзи истаган пайғамбарини танлаб олиб, уни айрим ғайб ишларидан хабардор қилади. Чунончи, Муҳаммад алайҳиссаломни мунофиқлар аҳволидан хабар қилганди. Шундай экан, Аллоҳ ва Расулига чин дилдан иймон келтиринглар. Ҳақиқий мўмин бўлиб, Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш билан тақво қилсангизлар, сизлар учун Аллоҳнинг ҳузурида буюк савоб бордир.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing