Sura 3 · Para 4
Ali 'Imran · 3:154
ثُمَّ أَنْزَلَ عَلَيْكُمْ مِنْ بَعْدِ الْغَمِّ أَمَنَةً نُعَاسًا يَغْشَىٰ طَائِفَةً مِنْكُمْ ۖ وَطَائِفَةٌ قَدْ أَهَمَّتْهُمْ أَنْفُسُهُمْ يَظُنُّونَ بِاللَّهِ غَيْرَ الْحَقِّ ظَنَّ الْجَاهِلِيَّةِ ۖ يَقُولُونَ هَلْ لَنَا مِنَ الْأَمْرِ مِنْ شَيْءٍ ۗ قُلْ إِنَّ الْأَمْرَ كُلَّهُ لِلَّهِ ۗ يُخْفُونَ فِي أَنْفُسِهِمْ مَا لَا يُبْدُونَ لَكَ ۖ يَقُولُونَ لَوْ كَانَ لَنَا مِنَ الْأَمْرِ شَيْءٌ مَا قُتِلْنَا هَاهُنَا ۗ قُلْ لَوْ كُنْتُمْ فِي بُيُوتِكُمْ لَبَرَزَ الَّذِينَ كُتِبَ عَلَيْهِمُ الْقَتْلُ إِلَىٰ مَضَاجِعِهِمْ ۖ وَلِيَبْتَلِيَ اللَّهُ مَا فِي صُدُورِكُمْ وَلِيُمَحِّصَ مَا فِي قُلُوبِكُمْ ۗ وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ
154. Сўнгра бу ғамнинг кетидан сизларга бир ором уйқусини туширдики, у сизлардан бўлган бир тоифа кишиларни (яъни, ҳақиқий мўминларни) қамраб олди. Бошқа бир тоифа (яъни, мунофиқлар) эса Аллоҳ ҳақида нотўғри, динсизларча бадгумон қилиб, ўз жонларининг ғамига тушиб қолдилар. Улар: «Энди биз учун ҳеч қандай ғалаба бўлмайди», дейишади. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Бутун иш Аллоҳнинг (қўлида)!» Улар сизга ошкор қилмайдиган нарсани (мунофиқликларини) яширадилар. Айтадиларки: «Агар ихтиёримиз ўзимизда бўлганида эди, бу Ерларда ўлиб кетмаган бўлар эдик». (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар уйларингизнинг ичига беркиниб олганингизда ҳам ўлдирилиши Аллоҳ томонидан ҳукм қилинган кишилар шубҳасиз ҳалокат жойига келган булар эдилар». (Аллоҳ бу мағлубиятни) кўнгилларингиздаги нарсани (иймон ёки нифоқни) имтиҳон қилиш ва дилларингиздаги нарса (иймон)ни поклаш учун қилди. Аллоҳ дилларни эгаллаган сирларни билгувчидир.
Tafsir
Оғриқ ва тангликдан сўнг сизларга хотиржамлик ва ишончни нозил қилди. Аллоҳнинг ваъдасига аниқ ишонадиган тоифани ором уйқуси босди ва шу билан қалбларига тинчлик-хотиржамлик инди. Бошқа бир тоифа - мунофиқлар эса бу неъматдан бебаҳра қолиб, ухлай олмадилар. Уларнинг ўз жонларидан бошқа ғам-ташвиши йўқ эди. Шунинг учун хавфу изтиробда эдилар. Аллоҳ ҳақида бадгумон бўлиб, пайғамбарига мадад бермади, бандаларини қўлламади, деган ўйга бордилар. Бу ўйлари Аллоҳнинг қадрини билмайдиган, У Зотга чин баҳони бера олмайдиган жоҳилият гумонининг айни ўзи эди. Мунофиқлар Аллоҳни танимаганлари туфайли: "Урушга чиқиш борасида бизнинг фикримиз олинмади, олинганида чиқмаган бўлар эдик", дейишади. Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга шундай жавоб беринг: "Ишнинг ҳаммаси Аллоҳнинг Қўлидадир. У Ўзи истаганича тақдир қилади, хоҳлаганича ҳукм қилади. Чиқишингизни тақдир қилган ҳам Ўша Зотдир". Улар дилларидаги шак-шубҳа ва бадгумонликни сизга ошкор этмайдилар. Шунинг учун: "Фикримиз олинганида бу ерларда ўлиб кетмаган бўлар эдик", дейишади. Эй Пайғамбар алайҳиссалом, уларга шундай раддия билдиринг: "Жанг ва ўлим жойларидан узоқдаги уйларингизда бўлсангизлар ҳам пешонасига ўлим битилганлар ўладиган жойларига албатта келган бўлардилар". Аллоҳ қалбларингиздаги ниятларингизни, мақсадларингизни текшириш ва улардаги иймонни мунофиқликдан ажратиб олиш учун сизларга шу тақдирни битди. Аллоҳ бандаларининг қалбларидаги ниятларидан ҳам хабардордирки, ҳеч нарса У Зотдан яширин бўлолмас.
O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing