Sura 3 · Para 4

Ali 'Imran · 3:110

كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ ۗ وَلَوْ آمَنَ أَهْلُ الْكِتَابِ لَكَانَ خَيْرًا لَهُمْ ۚ مِنْهُمُ الْمُؤْمِنُونَ وَأَكْثَرُهُمُ الْفَاسِقُونَ

110. (Эй уммати Муҳаммад), сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сизлар яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир.
____________________
И з о ҳ. Аллоҳ таоло ислом умматини бутун халқлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканлиги билан мақтади. Бу эса Аллоҳ таоло буюрган ҳамма нарсаларни иймон билан амалга ошириш, одамларни Аллоҳга ва Унинг йўлида жиҳод қилишга чақириш ва залолат, туғён ва исёнларидан баҳоли қудрат қайтариш билан ўзларини етиштирганликлари сабабдир. Мана шу сабабдан улар бутун одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдилар.

Tafsir

Эй Муҳаммад алайҳиссалом уммати, сизлар одамлар учун чиқарилган, иймонингизда ҳам, амалингизда ҳам ҳаммага ўрнак бўладиган, одамларга энг кўп фойдангиз тегадиган энг яхши уммат бўлдингизлар. Шариат буюрган ва ақлга ҳам тўғри келадиган яхши ишларга буюрасизлар, шариат тақиқлаган ва ақлга ҳам тўғри келмайдиган ёмон ишлардан қайтарасизлар. Аллоҳга ишонасизлар ва ҳамиша иймонингизни амалингиз тасдиқлаб туради. Агар аҳли китоб - яҳуд ва насоролар Муҳаммад алайҳиссалом олиб келган рисолатга иймон келтирганларида ўзлари учун - дунё ва охиратлари учун яхши бўларди. Улардан жуда озчилиги иймонга келди. Кўпчилиги эса Аллоҳнинг дини ва шариатидан юз ўгириб кетдилар.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing