Sura 24 · Para 18

The Light Verse · An-Nur 24:35

۞ اللَّهُ نُورُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۚ مَثَلُ نُورِهِ كَمِشْكَاةٍ فِيهَا مِصْبَاحٌ ۖ الْمِصْبَاحُ فِي زُجَاجَةٍ ۖ الزُّجَاجَةُ كَأَنَّهَا كَوْكَبٌ دُرِّيٌّ يُوقَدُ مِنْ شَجَرَةٍ مُبَارَكَةٍ زَيْتُونَةٍ لَا شَرْقِيَّةٍ وَلَا غَرْبِيَّةٍ يَكَادُ زَيْتُهَا يُضِيءُ وَلَوْ لَمْ تَمْسَسْهُ نَارٌ ۚ نُورٌ عَلَىٰ نُورٍ ۗ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَنْ يَشَاءُ ۚ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ ۗ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

35. Аллоҳ осмонлар ва Ернинг нуридир (яъни, уларнинг барчасини ёритиб, кўзга кўрсатиб — йўқдан бор қилиб тургувчидир). У зот нурининг (мўмин банда қалбидаги) мисоли худди бир токча, унинг устида бир чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дур юлдузга ўхшайди. У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган (балки заминнинг қоқ марказидаги) муборак зайтун дарахтининг (мойидан) ёқилур. Унинг мойи (тиниқ, мусаффолигидан) гарчи унга олов тегмаса-да, (атрофни) ёритиб юборгудек. (Олов теккач эса) нур устига нур (бўлур). Аллоҳ Ўзининг (бу нурига) Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисоллар келтирур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир.

Tafsir

Аллоҳ осмонлару ернинг Нуридир ва улардаги зотларни ҳидоят қилгувчидир. Унинг Нури мўминнинг қалбида худди бир токча кабидирки, унда бир чироқ бор. Чироқ бир шиша ичида. Шиша эса атрофни ёритиб турган бир дур юлдуз. Чироқ муборак зайтун дарахтининг мойидан ёқилади. Зайтун дарахтини эрталаб ҳам, кечга яқин ҳам қуёшдан ҳеч нарса тўсмайди. Унинг мойи шу қадар мусаффоки, ҳатто унга олов туташмаса ҳам атрофни ёритиб юборгудек бўлади. Энди олов туташганидан кейин қандай бўлишини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг! Чироқнинг нури шишанинг нурига қўшилиб, нур устига нур бўлур! Мўминнинг қалби ҳам ҳидоят нури уни ёритган пайтида мана шундай бўлади. Аллоҳ Ўзи истаган бандасини Қуръонга эргашиш бахтига муяссар айлайди. Аллоҳ мисоллар зарб этиб, нарсаларни ташбеҳлар орқали баён қилади. Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчидир. Бирон нарса У Зотдан яширин бўла олмас.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing