Sura 24 · Para 18

An-Nur · 24:33

وَلْيَسْتَعْفِفِ الَّذِينَ لَا يَجِدُونَ نِكَاحًا حَتَّىٰ يُغْنِيَهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ ۗ وَالَّذِينَ يَبْتَغُونَ الْكِتَابَ مِمَّا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ فَكَاتِبُوهُمْ إِنْ عَلِمْتُمْ فِيهِمْ خَيْرًا ۖ وَآتُوهُمْ مِنْ مَالِ اللَّهِ الَّذِي آتَاكُمْ ۚ وَلَا تُكْرِهُوا فَتَيَاتِكُمْ عَلَى الْبِغَاءِ إِنْ أَرَدْنَ تَحَصُّنًا لِتَبْتَغُوا عَرَضَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا ۚ وَمَنْ يُكْرِهْهُنَّ فَإِنَّ اللَّهَ مِنْ بَعْدِ إِكْرَاهِهِنَّ غَفُورٌ رَحِيمٌ

33. Никоҳ (учун лозим бўлган мол-давлатни) топа олмаган кишилар то Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-бадавлат қилгунича ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар!! (Эй мўминлар), қўл остингиздаги қуллардан битим тузишни истайдиган кишилар бўлса, у ҳолда агар сизлар уларда яхшиликни (яъни, диёнат, иймонни) билсангизлар, улар билан битим тузинглар ва уларга Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан ато этинглар! Покликни истаган чўриларингизни ҳаёти дунё нарсаларини истаб зинокорлик қилишга мажбурламанглар. Энди ким уларни мажбур этса, бас, албатта Аллоҳ мажбурлаганларидан сўнг (у чўриларни) мағфират қилгувчи ва (уларга) раҳм-шафқат қилгувчидир.
____________________
И з о ҳ. Маълумки, Ислом дини келган вақтида қулдорлик даври эди. Бинобарин мусулмонлар орасида ҳам хожалар ва қул чўрилар бўлиши табиий ҳол эди. Лекин Ислом мусулмонларни озод қилишнинг бир қанча йўл-йўриқларини кўрсатган. Шулардан бири мукобата — битим тузишдир. Унда озод бўлишни истаган қул ўз хожаси билан муайян миқдордаги пулни топиб бериб, озод бўлиш ҳақида битим тузади. Мана шу битим тузилган соатидан бошлаб у қулнинг бўйни қулликда бўлса-да, озод бўлади, яъни келишилган миқдордаги пулни топиш учун хожасининг уйидан ташқарига чиқиб ишлаб юравериши жоиз бўлади. Қолаверса, юқорида зикр қилинганидек, Аллоҳ таоло хожаларга Ўзи уларга ато этган мол-дунёдан бериб, битим тузган қулларининг озод бўлишларига ёрдам қилишни буюради... Бу оятнинг иккинчи қисми Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул деган мунофиқ ҳақида нозил бўлгандир. У пул-мол топиш учун ўзининг икки чўрисини зинокорлик қилишга мажбурлайди. Улар Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳузурларига у мунофиқнинг устидан шикоят қилиб келганларида Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига юқоридаги оятларни нозил қилади.

Tafsir

Никоҳланишга қурби етмаганлар то Аллоҳ уларни Ўз фазли ила бой қилгунига қадар иффатларини сақласинлар. Қайси бир қул мукотабани истаса, яъни, маълум миқдордаги тўлов эвазига ўзини озод қилиш учун шартнома тузишни истаса, хожалар унинг яхши, диндор одамлигини ва шу ишни уддалай олишини билсалар, уни қабул қилишлари, Аллоҳ ато этган моллардан уларга ҳам беришлари лозим. Шартномадаги маблағнинг бирон қисмидан воз кечиш ҳам шу иш жумласидандир. Чўриларингиз иффатли бўлишни истасалар, мол-давлат топиш учун уларни зинога мажбурламанглар. Абдуллоҳ ибн Убай ўзининг икки чўрисига нисбатан шундай иш қилганди. Ким уларни мажбур қилса, Аллоҳ улар мажбур қилинганларидан кейин уларнинг гуноҳларини кечирадиган Мағфиратли ва Меҳрибон Зотдир. Чунки улар ўз ихтиёрлари билан бу ишни қилмадилар. Гуноҳ мажбур қилганларнинг зиммасига тушади.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing