Sura 2 · Para 3
Al-Baqarah · 2:265
وَمَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمُ ابْتِغَاءَ مَرْضَاتِ اللَّهِ وَتَثْبِيتًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ كَمَثَلِ جَنَّةٍ بِرَبْوَةٍ أَصَابَهَا وَابِلٌ فَآتَتْ أُكُلَهَا ضِعْفَيْنِ فَإِنْ لَمْ يُصِبْهَا وَابِلٌ فَطَلٌّ ۗ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌ
265. Молларини Аллоҳнинг ризолигини истаб ва дилларида мустаҳкам ишонч билан сарф қиладиган зотларнинг мисоли худди адирликдаги шаррос қуйган ёмғир теккач, ҳосилини икки баробар қилган боққа ўхшайди. Энди агар унга шаррос қуйган ёмғир тегмаган бўлса, майдалаб ёққан ёмғир ҳам кифоя қилади. Аллоҳ қилаётган амалингизни кўргувчидир.
Tafsir
Молларини Аллоҳнинг ризолигини истаб ва Аллоҳнинг ваъдасига аниқ ишониб, сидқидилдан сарфлайдиган мўминлар мисоли худди баланд ҳосилдор жойдаги бўстонга ўхшайди. Унга шаррос ёмғир қуйса, ҳосили мўл бўлади. Савалаб қуядиган ёмғир бўлмаса, севалаб ёққан ёмғир ҳам ери унумдор бўлгани учун кифоя қилаверади. Ихлос билан сарфлайдиган кишиларнинг инфоқ-эҳсонларини ҳам Аллоҳ қабул қилиб, ўзи оз бўлса-да, ажрини мўл қилиб беради. Аллоҳ сизларнинг қилаётган ишларингизни кўриб-билиб туради. Ким ихлос билан қиляпти, ким риё учун қиляпти, ҳаммасидан хабардор, бирон иш У Зотдан яширин қолмайди ва яқинда ҳаммага қилган ишига яраша жазо ёки мукофотини беради.
O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing