Sura 2 · Para 1

Al-Baqarah · 2:25

وَبَشِّرِ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ ۖ كُلَّمَا رُزِقُوا مِنْهَا مِنْ ثَمَرَةٍ رِزْقًا ۙ قَالُوا هَٰذَا الَّذِي رُزِقْنَا مِنْ قَبْلُ ۖ وَأُتُوا بِهِ مُتَشَابِهًا ۖ وَلَهُمْ فِيهَا أَزْوَاجٌ مُطَهَّرَةٌ ۖ وَهُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

25. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор. Қачон ўша боғларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, «Илгари татиб кўрган нарсамиз-ку», дейишади. Зеро уларга сурати бир-бирига ўхшаш мевалар берилади. Ва улар учун жаннатда покиза жуфтлар бордир. У зотлар жаннатда абадий қолажаклар.
____________________
И з о ҳ. Бу оятда дунё бахт-саодати билан Охиратдаги жаннатнинг фарқи ифодаланган: эҳтимол, бу дунёда ҳам жаннатдек боғларда турли ноз-неъматлардан баҳраманд бўлиб, покиза умр йўлдошлари билан бахтиёр умр кечираётган кишилар кам эмасдир. Лекин бу бахтли ҳаётнинг биргина нуқсони борки, у ҳам бўлса бир куни тугаб қолишидир. Жаннатнинг фазилатларидан бири унинг боқийлигидир. Фақат бу боқий ҳаётга етиш учун фоний дунёда иймон-эътиқод билан яхши амаллар қилиб яшаш шартдир.

Tafsir

Олдинги оятда кофирлар дўзахдан огоҳлантирилган бўлсалар, бунисида мўминларга - Аллоҳга ишонган ва яхши ишларни қилган кишиларга жаннат хушхабари бериляпти. Жаннатки, қасрлари ва дарахтлари остидан анҳорлар оқиб туради. Бир мевасини еганларида, худди шунақасини олдин ҳам еган эдик, деб қоладилар. Чунки улар дунё меваларига жуда ўхшаб кетади. Ўзларига олдиндан таниш бўлган мевани кўргандек иштаҳалари очилиши учун шакли ва номи бир-бирига ўхшаган, таъми ва мазаси эса ҳар хил бўлган мевалар тақдим қилинади. Уларга жаннатда одам ижирғанадиган, таъби кўтармайдиган ҳар қандай кирликдан пок бўлган жуфтлар ато этилади. Бундай кирликлар шу дунёгагина хосдир. Бу дунё неъмати ўткинчи бўлса, у дунё неъмати боқийдир. Улар ана шундай боқий неъмат ичида умргузаронлик қиладилар.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing