Sura 2 · Para 2

Al-Baqarah · 2:189

۞ يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْأَهِلَّةِ ۖ قُلْ هِيَ مَوَاقِيتُ لِلنَّاسِ وَالْحَجِّ ۗ وَلَيْسَ الْبِرُّ بِأَنْ تَأْتُوا الْبُيُوتَ مِنْ ظُهُورِهَا وَلَٰكِنَّ الْبِرَّ مَنِ اتَّقَىٰ ۗ وَأْتُوا الْبُيُوتَ مِنْ أَبْوَابِهَا ۚ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

189. Сиздан ҳилоллар — янги чиққан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир. Уйларингизга орқа томонидан киришингиз яхшилик эмас, балки яхшилик, Аллоҳдан қўрққан кишининг (қилган) ишидир. Уйларга эшикларидан кирингиз! Ва Аллоҳдан қўрқинг! Шояд нажот топсангиз.
____________________
И з о ҳ. Ойнинг ўзгариб — янгиланиб туришига қараб одамлар ўзларининг деҳқончилик, савдо ва бошқа дунёвий ишлари ҳамда ҳаж, рўза, закот каби диний ишларнинг вақтларини аниқлайдилар. И з о ҳ. Мусулмонлар ҳаж сафаридан қайтганларида уйларига эшикдан кирмай, орқа томондан келиш одатлари бўлиб, бу уларга Исломдан олдинги даврлардан мерос бўлиб қолган эди. Ушбу оят бунинг бефойда одатлигини, ҳақиқий яхши амал Аллоҳдан қўрқиш эканини ифода қилади.

Tafsir

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, сиздан ойнинг тузилиши ва ўзгариб туриши ҳақида сўрайдилар. Ойнинг яратилишидаги ҳикмат ҳақида сўзлаб айтингки, ой ҳаж ойлари, рамазон ва закотдаги йилнинг тўлиши каби ибодатларда ҳамда хун ва қарз тўлаш муддати каби муомала-муносабатларда одамларга вақтни аниқлаб беради. Жоҳилият даврида бўлганидек, ҳаж ёки умрага эҳром боғлаган кишининг уйнинг орқа тарафидан кириши яхшилик ҳисобланмайди. Уйнинг олди тарафидан - эшигидан кириб бораверинглар. Шунда сизларга енгил ва машаққатсиз бўлади. Зеро, Аллоҳ сизларни машаққат бўладиган ишга буюрмайди. Ўзингларни солиҳ амал билан Аллоҳнинг азобидан қутқаринглар. Шояд шунда ўзинглар орзу қилаётган жаннатга эришиб, хавфсираётганинглар дўзахдан нажот топсанглар.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing

Al-Baqarah 2:189 · Tlawati