Sura 2 · Para 2

Al-Baqarah · 2:178

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِصَاصُ فِي الْقَتْلَى ۖ الْحُرُّ بِالْحُرِّ وَالْعَبْدُ بِالْعَبْدِ وَالْأُنْثَىٰ بِالْأُنْثَىٰ ۚ فَمَنْ عُفِيَ لَهُ مِنْ أَخِيهِ شَيْءٌ فَاتِّبَاعٌ بِالْمَعْرُوفِ وَأَدَاءٌ إِلَيْهِ بِإِحْسَانٍ ۗ ذَٰلِكَ تَخْفِيفٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَرَحْمَةٌ ۗ فَمَنِ اعْتَدَىٰ بَعْدَ ذَٰلِكَ فَلَهُ عَذَابٌ أَلِيمٌ

178. Эй мўминлар, сизларга ўлдирилган кишилар учун озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан қасос олиш фарз қилинди. Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни, қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйинсуниш ва чиройли суратда товон тўлаш лозимдир. Бу (хукм) Парвардигорингиз томонидан енгиллик ва раҳм-шафқатдир. Бас, кимки шундан кейин ҳаддан ошса (масалан, товон тўлангандан кейин ҳам қотилни ўлдирса), унинг учун аламли азоб бордир.
____________________
И з о ҳ. Яъни, қотилнинг ўлдирилмасдан товон тўлашига рози бўлган тараф қўполлик қилмай, қўрқитмай кутиши, қотил тарафи эса чўзмасдан, хиёнат қилмасдан товонни тўлаши лозимдир.

Tafsir

Эй Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарига эргашган кимсалар, сизларга бировни қасддан душманлик қилиб ўлдирган одамга ўша жиноятига яраша жазо бериш, яъни, уни қатл қилиш фарз қилинди. Ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл. Агар марҳумнинг ўзи вафотидан олдин ёки унинг эгалари хун эвазига кечириб юборсалар, хунни талаб қилишда ўлик эгалари ҳам, уни тўлашда қотил ҳам яхшилик йўлини тутсинлар. Ўлик эгалари қотилга озор-азият етказмасинлар, қотил ҳам ўз навбатида хунни чўзмасдан, пайсалга солмасдан ўз вақтида тўласин. Мана шу кечириш ва хун тўлаш Парвардигорингизнинг сизларга кўрсатган марҳамати ва берган енгиллигидир. Энди ким кечириб ва хунни олиб бўлганидан кейин яна қотилга тажовуз қилса, унинг учун Аллоҳ таоло тарафидан аламли азоб бордир.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing