Sura 2 · Para 2

Al-Baqarah · 2:165

وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يَتَّخِذُ مِنْ دُونِ اللَّهِ أَنْدَادًا يُحِبُّونَهُمْ كَحُبِّ اللَّهِ ۖ وَالَّذِينَ آمَنُوا أَشَدُّ حُبًّا لِلَّهِ ۗ وَلَوْ يَرَى الَّذِينَ ظَلَمُوا إِذْ يَرَوْنَ الْعَذَابَ أَنَّ الْقُوَّةَ لِلَّهِ جَمِيعًا وَأَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعَذَابِ

165. Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир. Бундай золимлар азобга рўбарў бўладиган замонларида (Қиёмат Кунида) бутун куч-қудрат Аллоҳники бўлишини ва Аллоҳнинг азоби қаттиқ азоб эканини билсалар эди.
____________________
И з о ҳ. Шунча қатъий далил-ҳужжатлар бўлгани ҳолда, одамлардан бир гуруҳи Аллоҳдан ўзгаларни илоҳ, бут-санам ва дўст тутиб, уларни Аллоҳга тенг кўришади ва уларга Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга лойиқ бўлмайдиган муҳаббат, таъзим ва итоатни кўргизишади. Мўминларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббати эса ўша кофир кимсаларнинг Аллоҳга ва ўз олиҳаларига бўлган муҳаббатидан кучлироқдир. Чунки, мўминлар бор муҳаббатларини холис Аллоҳ учун қилдилар, анавилар эса муҳаббатда ўзгаларни Аллоҳга шерик қилишди. Агар бу дунёда ширк келтириш билан ўз жонларига зулм қилган кимсалар Охират азобини кўрган пайтларида Аллоҳ барча куч-қудратнинг ягона Эгаси эканини ва Аллоҳни ўта азоби қаттиқ Зот эканини билганларида эди, асло Аллоҳдан ўзгаларни илоҳ тутмаган ва Ундан ўзгаларга сиғинмаган бўлар эдилар.

Tafsir

Шунча оят-аломатларга қарамасдан, айрим одамлар Аллоҳдан бошқаларни ҳам ўзларига илоҳ қилиб оладилар. Уларни худди Аллоҳни яхши кўргандек яхши кўрадилар. Мўминлар эса Аллоҳни улар маъбудаларини яхши кўрганидан кўра кўпроқ яхши кўрадилар. Чунки мўминлар Аллоҳни хурсандлигу хафаликда яхши кўрсалар, улар маъбудаларини фақат хурсандликда яхши кўрадилар. Бирон қайғуга ботганларида эса ўша маъбудаларини қўйиб, ёлғиз Аллоҳгагина дуо-тазарру қила бошлайдилар. Улар бу қилган гуноҳлари ва ширклари туфайли охиратда ҳоллари нима кечишини билганларида эди, ҳамма қувват Аллоҳники эканини ва осийларга нисбатан Аллоҳнинг азоби жуда қаттиқ эканини билган ва ширк келтирмаган бўлардилар.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing