Sura 16 · Para 14

An-Nahl · 16:106

مَنْ كَفَرَ بِاللَّهِ مِنْ بَعْدِ إِيمَانِهِ إِلَّا مَنْ أُكْرِهَ وَقَلْبُهُ مُطْمَئِنٌّ بِالْإِيمَانِ وَلَٰكِنْ مَنْ شَرَحَ بِالْكُفْرِ صَدْرًا فَعَلَيْهِمْ غَضَبٌ مِنَ اللَّهِ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ

106. Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир.
____________________
И з о ҳ. Муфассирлар айтишларича, бу оят Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган. Мушриклар у зотни ҳибс қилишиб, Ислом динидан чиқишни талаб этадилар ва даҳшатли азоблар билан қийнайдилар. Ночор-ноилож қолгач, мажбур ҳолда уларнинг бутларидан бирини тилга олганларидан кейингина у кишини қўйиб юборадилар. Одамлар орасида эса «Аммор диндан чиқди», деган гап тарқаб кетади. У зот Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳузурларига йиғлаб, айтган сўзларидан изтиробга тушиб келганларида, пайғамбар: «Қалбинг нима дейди?», деб сўрайдилар. У: «Қалбим фақат иймон билан ором олади», деб жавоб беради. Шунда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом: «Сенга неча марта мажбурлаб куфр калимасини айтдирсалар ҳам ҳаргиз иймондан ажраб қолмайсан», деганлар. Демак, шариати Исломиянинг ҳукмига кўра фақат ўз ихтиёри билан куфр йўлини танлаб олган кимсаларгина кофир бўлурлар ва улар учун Охиратда энг қаттиқ азоб-уқубатлар бўлур.

Tafsir

Ким иймон келтирганидан кейин яна кофир бўлса, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқади. Фақат мажбур қилинган, тили билангина куфр калимасини айтиб, қалби эса иймон билан ором олиб турган кимса бундан мустасно. Лекин кимлар қалбини куфрга очиб берсалар, бажонидил уни қабул қилсалар, муртад бўлсалар, уларнинг устига Аллоҳ тарафидан бир ғазаб ёғилур ва улар учун улкан азоб бордир.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing