Sura 13 · Para 13

Ar-Ra'd · 13:11

لَهُ مُعَقِّبَاتٌ مِنْ بَيْنِ يَدَيْهِ وَمِنْ خَلْفِهِ يَحْفَظُونَهُ مِنْ أَمْرِ اللَّهِ ۗ إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّىٰ يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ ۗ وَإِذَا أَرَادَ اللَّهُ بِقَوْمٍ سُوءًا فَلَا مَرَدَّ لَهُ ۚ وَمَا لَهُمْ مِنْ دُونِهِ مِنْ وَالٍ

11. Унинг (яъни, ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар. Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас. Қачон Аллоҳ бирон қавмга ёмонлик — бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас. Ва улар учун Ундан ўзга ҳоким йўқдир.
____________________
И з о ҳ. Бу оятда Исломий ақидадаги асосий рукнлардан бири ўз аксини топгандир: «То бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас». Яъни, бирон қавмнинг аҳволи ёмон томонга ўзгарар экан, бунга сабаб устларидаги золим ҳокимгина эмас, балки уларнинг ўзлари ҳақ йўлидан озганлари ҳамдир. Бинобарин, ҳаётлари яхшилик томонга ўзгаришини истайдиган бўлсалар, аввало ўзларини ўнглаб, иймон-эътиқод йўлини тутмоқлари лозимдир. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг ушбу ҳадислари юқоридаги оятга ҳамоҳангдир: «Ўзларингиз қандай бўлсангиз, устингизга ҳам шундай ҳоким келур».

Tafsir

Аллоҳ таолонинг бир қанча фаришталари бўлиб, улар бирин-кетин инсонни кузатиб турадилар. Айримлари кечаси келса, айримлари кундузи келади. Аллоҳнинг амри ила Аллоҳ насиб қилган ўринларда инсонни ҳар хил қадарлардан асраб-авайлаб турадилар. Инсоннинг айтган гапларини ҳам, қилган ишларини ҳам ёзиб борадилар. Бир қавм ўзидаги миннатдорлик ҳолатини нонкўрлик ҳолатига ўзгартирмагунича Аллоҳ унинг яхши аҳволини ёмон аҳволга ўзгартириб қўймайди. Аллоҳ бир қавмни ҳалок қилмоқчи бўлса, уни қайтара оладиган куч йўқ. Эй одамлар, сизлар учун Аллоҳдан бошқа ишларингизни бошқариб турадиган бир бошқарувчи ҳам, сизларни бало-қазолардан асраб тургувчи бир ҳомий ҳам йўқдир.

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing