Sura 10 · Para 11

Yunus · 10:16

قُلْ لَوْ شَاءَ اللَّهُ مَا تَلَوْتُهُ عَلَيْكُمْ وَلَا أَدْرَاكُمْ بِهِ ۖ فَقَدْ لَبِثْتُ فِيكُمْ عُمُرًا مِنْ قَبْلِهِ ۚ أَفَلَا تَعْقِلُونَ

16. Айтинг: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, мен уни (Қуръонни) тиловат қилмаган бўлур эдим ва (мен орқали Аллоҳ) уни сизларга билдирмаган бўлур эди. Ахир ундан (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам бир умр сизларнинг орангизда яшаб турдим-ку! Ахир, ақл юргизмайсизларми?
____________________
И з о ҳ. Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг пайғамбар бўлишларидан аввалги қирқ йиллик умрлари маккалик араблар кўз ўнгида ўтган бўлиб, бу давр мобайнида, у зот на бир устоз кўрган эдилар ва на бир китоб мутолаа қилган эдилар. Бу ҳол у кишини таниган-билган ҳамма замондош ва ватандошларига аён эди. Шунинг учун ҳам қирқ ёшга тўлганларидан кейин илоҳий оятларни тиловат қилиб, одамларни Ислом динига даъват эта бошлаганларида, бу оятларнинг тенгсиз гўзал назми, тубсиз теран мағзидан лол бўлган кўп кишилар бу башарнинг сўзи эмаслигига иймон келтирдилар. Лекин Макка мушрикларидан айрим кимсалар бу илоҳий мўъжизанинг қадру қимматини билмайдилар ва ҳатто Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг устларидан истеҳзо қилиб кулишга ҳам бориб етдиларки, мазкур ва қуйидаги оятлар ана шундай кимсалар ҳақида нозил бўлгандир.

Tafsir

Эй Пайғамбар, айтинг: "Аллоҳ истаганида, мен Қуръонни сизларга ўқиб бермаган, етказмаган бўлардим. Аллоҳ истаганида, Қуръонни сизларга менинг тилим орқали ўргатмаган бўларди. Ахир шу ишлардан олдин ҳам узоқ муддат, қирқ йил сизларнинг орангизда яшадим-ку. Ўқиш ва ёзишни билмас эдим-ку. Бундай мартабаларга интилмас эдим-ку. Ақлингизни ишлатиб, мен олиб келган рисолат Аллоҳ тарафидан эканини, бу ишда менинг қўлим йўқлигини билиб олмайсизларми?!"

O‘quvchida ochish - Surani to‘liq o‘qing