Abasa

سورة عبس

Sura 80 · Makkiy · 42 oyat

80:1Para 30 · b. 585

عَبَسَ وَتَوَلَّىٰ1

1. У (Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом аъмо кишига) қош чимирди ва (ундан) юз ўгирди.
80:2Para 30 · b. 585

أَنْ جَاءَهُ الْأَعْمَىٰ2

2. Ўзининг олдига кўзи ожиз киши келгани учун (қош чимирди ва ундан юз ўгирди).
____________________
И з о ҳ. Ривоят қилинишича, бир куни Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Қурайш зодагонларидан бир гуруҳини Исломга даъват қилиб турганларида, олдиларига Абдуллоҳ ибн Умми Мактум исмли кўзлари ожиз бир саҳоба келиб, бир неча бор: «Ё Расулуллоҳ, менга Аллоҳ сизга билдирган нарсалардан таълим беринг», деб такрорлади. Чунки у киши аъмо бўлганлари сабабли Пайғамбаримизнинг бошқалар билан банд эканликларини сезмаган эди. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳалиги Қурайш катталари Исломни қабул қилишса, уларга эргашиб орқаларидаги тобеълари ҳам мусулмон бўлиб қолади, деган умид билан берилиб сўзлаётганлари сабабли, мана шу пайтда Абдуллоҳ ибн Умми Мактум келиб сўзларини бўлганидан аччиғланиб, қовоқ солдилар ва у кишига орқа ўгириб, Қурайш катталари билан сўзлашишда давом этдилар. Шунда Пайғамбаримизга танбеҳ бўлиб мазкур ва қуйидаги оятлар нозил бўлди. Шу ўринда биз муҳтарам ўқувчи эътиборини мазкур оятлардаги икки ибратли нуқтага жалб этмоқчимиз. Биринчидан, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби ва сўнгги пайғамбарига танбеҳ берар экан, у кишига бевосита хитоб қилмади, балки гўё учинчи шахс ҳақида гапираётгандек танбеҳ бердики, бу Дўст Дўстга қиладиган муомаланинг беназир намунасидир. Иккинчидан, агар бизда Аллоҳ таолонинг Ўзи «шак-шубҳасиз, сиз улуғ Хулқ устидадирсиз», (Қалам сураси, 4-оят) деб таърифлаган Пайғамбаримиз мазкур воқеада бир аъмо кишига озор бердиларми, деган савол туғилса, бундай саволнинг жавоби ҳам ўша воқеанинг ўзида мавжуддир, яъни юқоридаги оятлар гувоҳлик беришича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом у кишининг дилига озор берадиган бирон қаттиқ сўз айтганлари йўқ, балки фақатгина қовоқларини уюб, юз ўгирдилар холоски, бундай ҳолатни кўзи ожиз одам кўра олмагани учун озор топмаслиги аниқдир. Аллоҳ таолонинг танбеҳидан сўнг Расулуллоҳ қачон Абдуллоҳ ибн Умми Мактумни кўриб қолсалар: «Марҳабо, эй менга Парвардигоримдан дашном олиб берган зот», деб у кишига пешвоз чиқадиган бўлган эканлар.
80:3Para 30 · b. 585

وَمَا يُدْرِيكَ لَعَلَّهُ يَزَّكَّىٰ3

3. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз қаердан билурсиз, эҳтимол у (сиздан ўрганадиган илму маърифати ёрдамида ўз гуноҳларидан) покланар.
80:4Para 30 · b. 585

أَوْ يَذَّكَّرُ فَتَنْفَعَهُ الذِّكْرَىٰ4

4. Ёки панд-насиҳат олар-да, сўнг бу панд-насиҳат унга фойда берар?!
80:5Para 30 · b. 585

أَمَّا مَنِ اسْتَغْنَىٰ5

5. Энди (ўз мол-мулки билан иймондан) истиғно қилиб турган кимсага келсак,
80:6Para 30 · b. 585

فَأَنْتَ لَهُ تَصَدَّىٰ6

6. Бас, сиз ўшанга иқбол қилиб — юзланмоқдасиз!
80:7Para 30 · b. 585

وَمَا عَلَيْكَ أَلَّا يَزَّكَّىٰ7

7. Ҳолбуки, у (ўзининг куфридан) покланмаслиги сабабли сизга бирон зиён етмас!
80:8Para 30 · b. 585

وَأَمَّا مَنْ جَاءَكَ يَسْعَىٰ8

8. Энди олдингизга югуриб-елиб келган зотга келсак.
80:9Para 30 · b. 585

وَهُوَ يَخْشَىٰ9

9. (Аллоҳдан) қўрққан ҳолида (олдингизга югуриб келган зотга келсак).
80:10Para 30 · b. 585

فَأَنْتَ عَنْهُ تَلَهَّىٰ10

10. Бас, сиз ундан чалғиб — юз ўгириб олмоқдасиз!
80:11Para 30 · b. 585

كَلَّا إِنَّهَا تَذْكِرَةٌ11

11. Йўқ, (сиз асло бундай қилманг)! Албатта (Қуръон оятлари) бир панд-насиҳатдир.
80:12Para 30 · b. 585

فَمَنْ شَاءَ ذَكَرَهُ12

12. Бас, ким хоҳласа ундан панд-насиҳат олур.
80:13Para 30 · b. 585

فِي صُحُفٍ مُكَرَّمَةٍ13

13. (У оятлар Аллоҳ наздида) азизу мукаррам,
80:14Para 30 · b. 585

مَرْفُوعَةٍ مُطَهَّرَةٍ14

14. қадри баланд, покиза саҳифаларга;
80:15Para 30 · b. 585

بِأَيْدِي سَفَرَةٍ15

15. Мирзолар (яъни, фаришталар) қўллари билан
80:16Para 30 · b. 585

كِرَامٍ بَرَرَةٍ16

16. Улуғ, итоатли (мирзолар қўллари билан Лавҳул-Маҳфуздан кўчириб битилгандир).
80:17Para 30 · b. 585

قُتِلَ الْإِنْسَانُ مَا أَكْفَرَهُ17

17. Ҳалок бўлгур инсон-а! Бунчалар кофир бўлмаса!
80:18Para 30 · b. 585

مِنْ أَيِّ شَيْءٍ خَلَقَهُ18

18. (Аллоҳ) уни қай нарсадан яратди ўзи?!
80:19Para 30 · b. 585

مِنْ نُطْفَةٍ خَلَقَهُ فَقَدَّرَهُ19

19. Уни бир (ҳақир) нутфадан яратиб, сўнг уни(нг она қорнидаги ривожини ва ой-кунини) белгилаб қўйди-ку!
80:20Para 30 · b. 585

ثُمَّ السَّبِيلَ يَسَّرَهُ20

20. Сўнгра унга (она қорнидан чиқиш) йўлини осон қилди.
80:21Para 30 · b. 585

ثُمَّ أَمَاتَهُ فَأَقْبَرَهُ21

21. Сўнгра унга ўлим бериб, қабрга киритди (яъни, бошқа ҳайвонлар сингари унинг жасадини Ер юзида қолдириб, йиртқичларга ем қилиб қўйгани йўқ).
80:22Para 30 · b. 585

ثُمَّ إِذَا شَاءَ أَنْشَرَهُ22

22. Сўнгра Ўзи хоҳлаган вақтида уни яна қайта тирилтирур.
80:23Para 30 · b. 585

كَلَّا لَمَّا يَقْضِ مَا أَمَرَهُ23

23. Йўқ, у (кофир кимса Аллоҳ) ўзига буюрган бирон нарсани адо қилмади.
80:24Para 30 · b. 585

فَلْيَنْظُرِ الْإِنْسَانُ إِلَىٰ طَعَامِهِ24

24. Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан бир) қараб кўрсин-чи!
80:25Para 30 · b. 585

أَنَّا صَبَبْنَا الْمَاءَ صَبًّا25

25. Биз (осмондан) сув-ёмғирни қуйдирдик.
80:26Para 30 · b. 585

ثُمَّ شَقَقْنَا الْأَرْضَ شَقًّا26

26. Сўнгра Ерни (гиёҳлар билан) ёрдик.
80:27Para 30 · b. 585

فَأَنْبَتْنَا فِيهَا حَبًّا27

27. Сўнг Биз унда дон-дунни ундириб-ўстириб қўйдик-ку!
80:28Para 30 · b. 585

وَعِنَبًا وَقَضْبًا28

28. Узум ва кўкларни,
80:29Para 30 · b. 585

وَزَيْتُونًا وَنَخْلًا29

29. Зайтун ва ҳурмоларни,
80:30Para 30 · b. 585

وَحَدَائِقَ غُلْبًا30

30. Қуюқ дарахтзор боғларни,
80:31Para 30 · b. 585

وَفَاكِهَةً وَأَبًّا31

31. Мева-чева-ю, ўт-ўланларни
80:32Para 30 · b. 585

مَتَاعًا لَكُمْ وَلِأَنْعَامِكُمْ32

32. Сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаат бўлсин (деб ундириб-ўстириб қўйдик-ку!)
80:33Para 30 · b. 585

فَإِذَا جَاءَتِ الصَّاخَّةُ33

33. Бас, қачон (қулоқларни) кар қилгувчи (даҳшатли қичқириқ) келганда (яъни, сур иккинчи марта чалиниб, барча халойиққа қайтадан жон ато этилганда, ҳар бир инсон ўзи билан ўзи бўлиб қолур)!
80:34Para 30 · b. 585

يَوْمَ يَفِرُّ الْمَرْءُ مِنْ أَخِيهِ34

34. У Кунда киши ўз оға-инисидан ҳам,
80:35Para 30 · b. 585

وَأُمِّهِ وَأَبِيهِ35

35. Онаси ва отасидан ҳам,
80:36Para 30 · b. 585

وَصَاحِبَتِهِ وَبَنِيهِ36

36. Хотини-ю, бола-чақасидан ҳам қочур!
80:37Para 30 · b. 585

لِكُلِّ امْرِئٍ مِنْهُمْ يَوْمَئِذٍ شَأْنٌ يُغْنِيهِ37

37. (Чунки) улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур!
80:38Para 30 · b. 585

وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ مُسْفِرَةٌ38

38. У Кунда (мўминларнинг) юзлари ёруғ,
80:39Para 30 · b. 585

ضَاحِكَةٌ مُسْتَبْشِرَةٌ39

39. Кулгувчи ва хуррам бўлур.
80:40Para 30 · b. 585

وَوُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ عَلَيْهَا غَبَرَةٌ40

40. Ва у Кунда (кофирларнинг) юзлари устида чанг-ғубор бўлиб,
80:41Para 30 · b. 586

تَرْهَقُهَا قَتَرَةٌ41

41. У (юз)ларни қаролик қоплаб олур!
80:42Para 30 · b. 586

أُولَٰئِكَ هُمُ الْكَفَرَةُ الْفَجَرَةُ42

42. Ана ўшалар фисқу фужур қилгувчи кофирларнинг ўзидир!

Suraning boshidan ijro etish

Yasser Salama - Abasa · Tlawati