يَا أَيُّهَا الْمُدَّثِّرُ1
1. Эй (либосларига) бурканиб олган зот,
____________________
И з о ҳ. Саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом юқоридаги оятлар нозил бўлиши хусусида шундай деганлар: «Мен бир куни йўлда кетаётиб осмондан бир овоз эшитдим. Бошимни кўтариб қарасам, баногоҳ мен Ҳиро ғорида эканлигимда олдимга келган фаришта осмон билан Ернинг ўртасида муаллақ бўлган бир курсида ўтирибди. Бу ҳолни кўриб қўрққанимдан ерга йиқилдим ва қалтираб-титраган ҳолимда уйга етиб келиб, «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар», дедим. Энди кўрпага бурканиб ётганимда, менга «Эй (либосларига) бурканиб олган зот», деб бошланган оятлар нозил бўлди».
قُمْ فَأَنْذِرْ2
2. Туринг-да, (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг!
وَرَبَّكَ فَكَبِّرْ3
3. Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг!
وَثِيَابَكَ فَطَهِّرْ4
4. Либосларингизни пок тутинг!
وَالرُّجْزَ فَاهْجُرْ5
5. Бутлардан йироқ бўлинг!
وَلَا تَمْنُنْ تَسْتَكْثِرُ6
6. (Бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг!
وَلِرَبِّكَ فَاصْبِرْ7
7. Ёлғиз Парвардигорингиз (Юзи) учун (кофирлар томонидан етадиган озорларга) сабр қилинг!
فَإِذَا نُقِرَ فِي النَّاقُورِ8
8. Чунки қачон (Қиёмат қойим бўлгани ҳақида хабар бериб) бурғу чалинганида,
فَذَٰلِكَ يَوْمَئِذٍ يَوْمٌ عَسِيرٌ9
9. ана ўша Кун қийин Кундир!
عَلَى الْكَافِرِينَ غَيْرُ يَسِيرٍ10
10. Кофирларга осон бўлмаган (Кундир)!
____________________
И з о ҳ. Ушбу оятларда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини зиммасидаги пайғамбарлик вазифасини сабр-тоқат билан адо этишга чорлаб, у зотга яқинда дин йўлига ғов бўлган кимсалар учун қийин бир Кун — Қиёмат келиши тўғрисида хабар берди. Энди қуйидаги оятларда ўша кофирлардан бири бўлган Валид ибн Муғийранинг Қуръон ва Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга қарши қилган кирдикори ва у топажак оқибат ҳақида сўз боради.
ذَرْنِي وَمَنْ خَلَقْتُ وَحِيدًا11
11. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Мен сўққабош ҳолида яратган кимсани Ўзимга қўйиб беринг!
وَجَعَلْتُ لَهُ مَالًا مَمْدُودًا12
12. Мен унга кенг-мўл мол-давлат,
وَبَنِينَ شُهُودًا13
13. ва (доимо ёнида) ҳозиру нозир ўғилларни (ато) қилдим.
وَمَهَّدْتُ لَهُ تَمْهِيدًا14
14. Яна унга (ҳаётнинг барча неъматларини) қулай-осон қилиб қўйдим.
ثُمَّ يَطْمَعُ أَنْ أَزِيدَ15
15. Сўнгра у яна зиёда қилишимни тамаъ қилур.
كَلَّا ۖ إِنَّهُ كَانَ لِآيَاتِنَا عَنِيدًا16
16. Йўқ, (унинг тамаъси беҳудадир)! Чунки у Бизнинг оятларимизга қаршилик қилгувчидир.
سَأُرْهِقُهُ صَعُودًا17
17. Яқинда Мен уни бир харсанг тошга (яъни, ўтиб бўлмас тўсиққа) дучор қилажакман!
إِنَّهُ فَكَّرَ وَقَدَّرَ18
18. Чунки у (Қуръонни эшитгач, бу илоҳий Китобга қандай туҳмат қилиш тўғрисида) ўйлади, режа тузди.
فَقُتِلَ كَيْفَ قَدَّرَ19
19. Ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?!
ثُمَّ قُتِلَ كَيْفَ قَدَّرَ20
20. Яна ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?!
ثُمَّ نَظَرَ21
21. Сўнгра у (ўйлаган режаларига) қаради.
ثُمَّ عَبَسَ وَبَسَرَ22
22. Сўнгра (Қуръондан бирон айб топа олмагач, пешонасини) тириштирди ва (афтини) буриштирди.
ثُمَّ أَدْبَرَ وَاسْتَكْبَرَ23
23. Сўнгра (Ҳақдан) юз ўгирди ва кибр-ҳаво қилди.
فَقَالَ إِنْ هَٰذَا إِلَّا سِحْرٌ يُؤْثَرُ24
24. Бас, у: «Бу (Қуръон Аллоҳнинг сўзи эмас, балки) фақат (аввалгилардан нақл қилинаётган бир сеҳрдир.
إِنْ هَٰذَا إِلَّا قَوْلُ الْبَشَرِ25
25. Бу фақат башарнинг сўзидир», деди.
سَأُصْلِيهِ سَقَرَ26
26. Яқинда Мен уни Сақарга (жаҳаннамга) киритажакман!
وَمَا أَدْرَاكَ مَا سَقَرُ27
27. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Сақарнинг нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз.
لَا تُبْقِي وَلَا تَذَرُ28
28. У (бирон кофирни) қолдирмас — қўймас (балки куйдириб ҳалок қилур)!
لَوَّاحَةٌ لِلْبَشَرِ29
29. (У беш юз йиллик масофадан) инсонларга яққол кўриниб тургувчидир.
عَلَيْهَا تِسْعَةَ عَشَرَ30
30. Унинг устида ўн тўққиз (фаришта қўриқчилик-эгалик қилур).
وَمَا جَعَلْنَا أَصْحَابَ النَّارِ إِلَّا مَلَائِكَةً ۙ وَمَا جَعَلْنَا عِدَّتَهُمْ إِلَّا فِتْنَةً لِلَّذِينَ كَفَرُوا لِيَسْتَيْقِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَيَزْدَادَ الَّذِينَ آمَنُوا إِيمَانًا ۙ وَلَا يَرْتَابَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَالْمُؤْمِنُونَ ۙ وَلِيَقُولَ الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ مَرَضٌ وَالْكَافِرُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَٰذَا مَثَلًا ۚ كَذَٰلِكَ يُضِلُّ اللَّهُ مَنْ يَشَاءُ وَيَهْدِي مَنْ يَشَاءُ ۚ وَمَا يَعْلَمُ جُنُودَ رَبِّكَ إِلَّا هُوَ ۚ وَمَا هِيَ إِلَّا ذِكْرَىٰ لِلْبَشَرِ31
31. Биз фақат фаришталарни дўзах эгалари-қўриқчилари қилдик ва Биз фақат кофир бўлган кимсаларни синаш учун у (фаришта)ларнинг саноғини (ўн тўққизта) қилдик. Токи китоб берилган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар ўзларининг илоҳий китоблари бўлмиш Таврот ва Инжилда ҳам дўзах қўриқчилари бўлган фаришталар саноғи ўн тўққизта экани айтилганини кўриб Қуръоннинг Аллоҳ томонидан нозил қилинган Ҳақ Китоб эканлигини) аниқ билгайлар ва иймон келтирган зотларнинг иймонлари эса янада зиёда бўлгай ҳамда китоб берилган кимсалар ҳам, мўминлар ҳам (дўзах қўриқчиларининг саноғи тўғрисида) шак-шубҳа қилмагайлар. Ва токи дилларида мараз (мунофиқлик) бўлган кимсалар ва кофирлар: «Буни мисол қилиш билан (яъни, фаришталар саноғини ўн тўққизта қилиш билан) Аллоҳ нима демоқчи?», дегайлар. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни мана шундай йўлдан оздириб қўюр ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Парвардигорингизнинг қўшинларини (яъни, фаришталарнинг қанча ададда ва қандай сифатда эканликларини) ёлғиз Унинг Ўзигина билур. У (яъни, ушбу оятларда таърифланган жаҳаннам) фақат инсонлар (панд-насиҳат олишлари) учун бир эслатмадир.
كَلَّا وَالْقَمَرِ32
32. Дарҳақиқат, Ойга қасам,
وَاللَّيْلِ إِذْ أَدْبَرَ33
33. Ўтиб кетган тунга қасам,
وَالصُّبْحِ إِذَا أَسْفَرَ34
34. Ёришиб келаётган тонгга қасамки,
إِنَّهَا لَإِحْدَى الْكُبَرِ35
35. Албатта у (жаҳаннам) чўнг (бало)лардан биридир.
نَذِيرًا لِلْبَشَرِ36
36. (Барча) инсонлар учун огоҳлантиргувчи (бўлган чўнг балолардан биридир).
لِمَنْ شَاءَ مِنْكُمْ أَنْ يَتَقَدَّمَ أَوْ يَتَأَخَّرَ37
37. — Сизларнинг орангизда (яхшилик ва тоат-ибодат томонга) илгарилаётган ёки (куфру исён томонига) чекинаётган кишилар учун (огоҳлантиргувчи бўлган чўнг балолардан биридир).
كُلُّ نَفْسٍ بِمَا كَسَبَتْ رَهِينَةٌ38
38. Ҳар бир жон ўзи (ҳаёти-дунёда) касб қилган амали сабабли (дўзахда) ушлангувчидир.
إِلَّا أَصْحَابَ الْيَمِينِ39
39. Фақат ўнг қўл эгаларигина (яъни, ҳаёти-дунёда иймон келтирганлари ва эзгу амаллар қилганлари сабабли Қиёмат Кунида номаи аъмоллари ўнг қўлларидан берилган саодатманд зотларгина дўзахдан) нажот топгувчидирлар.
فِي جَنَّاتٍ يَتَسَاءَلُونَ40
40. Улар жаннатларда бир-бирлари билан савол-жавоб қилишурлар.
عَنِ الْمُجْرِمِينَ41
41. (Дўзахга ташланган) жиноятчи-кофир ҳақида.
مَا سَلَكَكُمْ فِي سَقَرَ42
42. (Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?», (деганларида),
قَالُوا لَمْ نَكُ مِنَ الْمُصَلِّينَ43
43. Улар айтурлар: «Бизлар намоз ўқигувчилардан бўлмадик.
وَلَمْ نَكُ نُطْعِمُ الْمِسْكِينَ44
44. Мискин-бечорага таом бергувчи ҳам бўлмадик.
وَكُنَّا نَخُوضُ مَعَ الْخَائِضِينَ45
45. Бизлар (ботил-беҳуда сўзларга) шўнғигувчи кимсалар билан бирга шўнғир эдик (яъни, Қуръон ва пайғамбар хусусида туҳмат-ёлғонлар тўқир эдик).
وَكُنَّا نُكَذِّبُ بِيَوْمِ الدِّينِ46
46. Бизлар Жазо — Қиёмат Кунини ёлғон дер эдик.
حَتَّىٰ أَتَانَا الْيَقِينُ47
47. То бизларга аниқ (ўлим) келгунича».
فَمَا تَنْفَعُهُمْ شَفَاعَةُ الشَّافِعِينَ48
48. Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас!
____________________
И з о ҳ. Яъни Қиёмат Кунида ҳаёти-дунёдан кофир бўлиб ўтган кимсалар ўзлари учун бирон оқловчи топа олмаслар ва агар фаразан Ер юзидаги барча одамлар уларни оқлаган тақдирда ҳам бу оқлов уларга фойда бермас! Юқоридаги оятларда кофирлар топадиган оқибат зикр қилинди. Энди қуйидаги оятларда уларнинг Ҳақдан юз ўгиришлари тўғрисида бир ибратли мисол келтирилади:
فَمَا لَهُمْ عَنِ التَّذْكِرَةِ مُعْرِضِينَ49
49. Нега улар бу Эслатмадан — Қуръондан юз ўгирадилар-а?!
كَأَنَّهُمْ حُمُرٌ مُسْتَنْفِرَةٌ50
50. Худди ёввойи эшакларга,
فَرَّتْ مِنْ قَسْوَرَةٍ51
51. Шердан қочган (ёввойи эшакларга ўхшаб Қуръондан юз ўгирадилар-а?!)
بَلْ يُرِيدُ كُلُّ امْرِئٍ مِنْهُمْ أَنْ يُؤْتَىٰ صُحُفًا مُنَشَّرَةً52
52. Йўқ, (улар ҳеч қачон Қуръон оятларига қулоқ тутмаслар, балки) улардан ҳар бир кимса ўзига очиқ саҳифалар берилишини истар!
____________________
И з о ҳ. Макка мушриклари Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга: «Токи сен бизларнинг ҳар биримизга осмондан алоҳида саҳифа келтирмагунингча ва бу саҳифада ҳар биримизга Аллоҳ томонидан сенга эргашиш буюрилганини ўқиб кўрмагунимизча, сенга иймон келтирмаймиз», деганларида, ушбу ояти карима нозил бўлди.
كَلَّا ۖ بَلْ لَا يَخَافُونَ الْآخِرَةَ53
53. Йўқ, (уларнинг кофир бўлишларига сабаб, асло уларга очиқ саҳифалар берилмагани эмас), балки улар Охират(га иймон келтирмайдилар ва унда бўладиган азоб-уқубат)дан қўрқмаслар (ва шу сабабдан Қуръондан юз ўгирурлар).
كَلَّا إِنَّهُ تَذْكِرَةٌ54
54. Ҳа, албатта у (Қуръон) бир эслатмадир.
فَمَنْ شَاءَ ذَكَرَهُ55
55. Бас, хоҳлаган киши ундан эслатма-ибрат олур.
وَمَا يَذْكُرُونَ إِلَّا أَنْ يَشَاءَ اللَّهُ ۚ هُوَ أَهْلُ التَّقْوَىٰ وَأَهْلُ الْمَغْفِرَةِ56
56. Улар ёлғиз Аллоҳ хоҳлаганидагина (Қуръондан) эслатма-ибрат олурлар. У (Аллоҳ) тақво эгасидир (яъни, бандалари Ундан тақво қилишлари — қўрқишлари лозимдир) ва (У Аллоҳ тақво қилгувчи бандалари учун) мағфират Эгасидир.